Фарғонада ислоҳотлар шиддати ва тараққиёт нафаси яққол намоён бўлмоқда
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 27 апрель куни ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнлари билан танишиш учун Фарғона вилоятига ташриф буюрди.

Фарғона вилояти азалдан меҳнаткаш ва изланувчан халқи, серҳосил замини билан танилган. Бугун эса бу қадимий диёр тараққиётнинг янги саҳифасини варақламоқда.
Янги уй-жойлар, замонавий заводлар, инновацион агромажмуалар ва минтақани бир-бирига боғлайдиган транспорт тизими вилоятнинг иқтисодий ва ижтимоий қиёфасини тубдан ўзгартирмоқда.
Бу ўзгаришлар иқтисодиётдаги рақамларда ҳам, шу заминда яшаётган мамнун чеҳраларида ҳам кўринади. Фарғона бугун инвесторлар учун жозибадор майдонга, ишлаб чиқарувчилар учун қулай заминга, халқ учун эса бахтиёр яшашга арзийдиган истиқболли ўлкага айланди.
Вилоятда кечаётган ўзгаришлар давлатнинг эътибори ва халқнинг меҳнати бирлашган жойда нималар рўй бериши мумкинлигининг ибратли намунаси бўлди.
Давлатимиз раҳбарининг ташрифи Қўқон шаҳридаги “Янги Ўзбекистон” массивида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишишдан бошланди.
Мамлакатимизда аҳолининг яшаш шароитини яхшилаш, замонавий шаҳарсозлик андозаларини ҳудудларга олиб киришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада жойларда барпо этилаётган “Янги Ўзбекистон” массивлари халқимиз фаровонлигини оширишга қаратилган йирик ижтимоий лойиҳалардан бири бўлмоқда.
Қадимий Қўқон шаҳрида қад ростлаётган янги массив ҳам нафақат уй-жой мажмуаси, балки ҳудуднинг иқтисодий ва ижтимоий қиёфасини ўзгартирувчи замонавий марказ сифатида шаклланмоқда.

Қўқон азалдан аҳоли зич яшайдиган, тадбиркорлик ривожланган шаҳарлардан бири. Шу боис, бу ерда турар жойга бўлган талаб йил сайин ортиб бормоқда. Эскирган инфратузилма ва чекланган яшаш майдонлари шаҳарни янги асосда кенгайтиришни тақозо этмоқда.
Президентимизнинг икки йил аввал Фарғона вилоятига ташрифи давомида берилган топшириқлари асосида бунёд этилаётган мазкур массив айнан шу эҳтиёжга амалий ечим бўлмоқда. Бу ерда оилалар замонавий ва барча қулайликларга эга хонадонлар билан таъминланмоқда.
Массивни барпо этиш учун жами 1 триллион 850 миллиард сўм маблағ йўналтирилган. Ҳудудда 25 минг нафар аҳоли яшашига мўлжалланган яхлит инфратузилма шакллантирилмоқда. 84 та кўп қаватли уй билан бирга замонавий мактаблар, мактабгача таълим ташкилотлари, олий ўқув юрти, бизнес ва савдо марказлари ҳамда аҳоли дам олиши учун боғлар барпо этилиши кўзда тутилган.
Бу ишлар янги массив аҳолиси учун уйидан узоқлашмаган ҳолда ишлаш, таълим олиш, савдо ва хизматлардан фойдаланиш, мазмунли ҳордиқ чиқариш имкониятини яратади.
Бугунги кунда лойиҳанинг биринчи босқичи муваффақиятли якунланди, 4 минг 394 та хонадондан иборат 56 та ўн қаватли уй фойдаланишга топширилди. Тайёр таъмирли хонадонлар аҳолига 35 фоизлик бошланғич тўлов асосида, йиллик 16 фоиз ставка билан 20 йил муддатга берилмоқда.
Давлатимиз раҳбари янги хонадонлардан бирига кириб, яратилган шароитлар ва жиҳозланиши билан танишди. Массивнинг ижтимоий аҳамиятига алоҳида тўхталиб, бу ерда шаклланаётган янги муҳит одамларнинг дунёқараши, ҳаёт сифати ва турмуш маданиятини юксалтиришга хизмат қилиши кераклигини таъкидлади.
Фарғоналик нуронийлар билан самимий суҳбат бўлиб ўтди.
Улар ижтимоий давлат тамойили асосида жойларда инсон манфаатлари таъминланаётгани, замонавий таълим ва тиббиёт муассасалари, обод маҳаллалар, янги корхоналар ва тадбиркорлик имкониятлари аҳоли ҳаётини ўзгартираётганини таъкидлади. Нуронийлар бу ишлар юртда тўкинлик, фаровонлик ва ижтимоий барқарорликни мустаҳкамлаётганини айтиб, давлатимиз раҳбарига миннатдорлик билдирди.
Шу ернинг ўзида Президентимиз “Янги Ўзбекистон” массивининг иккинчи босқичи ҳамда Қўқон шаҳрини ривожлантириш бўйича тақдимот билан танишди.
Фарғона водийсида Қўқон, Наманган, Андижон ва Марғилон шаҳарларини боғловчи янги электропоезд қатнови йўлга қўйилди.

Президент Шавкат Мирзиёев жамоатчилик вакиллари билан бирга ушбу йўналишдаги илк поездда Қўқон шаҳридан Марғилон шаҳрига келди.
Мазкур лойиҳа Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 27 декабрдаги “2030 йилга қадар темир йўл транспортида маҳаллий йўналишларда йўловчи ташиш кўрсаткичларини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида амалга оширилди.
Лойиҳа аҳоли зич яшайдиган Фарғона водийсида транспорт қатновини яхшилаш, фуқароларга қулай, хавфсиз ва арзон хизмат кўрсатиш, йўловчи ташиш ҳажмини оширишга хизмат қилади.
324 километрлик ушбу темир йўл ҳалқаси водий вилоятларини ўзаро янада яқинлаштириб, аҳоли, тадбиркорлар ва сайёҳлар учун янги имкониятлар очади.
Ушбу поезд Тошкент йўловчи вагонларни қуриш ва таъмирлаш заводида ишлаб чиқарилган. Олти вагондан иборат, 586 ўринли поезд соатига 120 километргача тезликда ҳаракатлана олади.
Чипта нархи 15 минг сўм этиб белгиланган. Бу автомобиль транспортига нисбатан анча арзон ва қулайдир. Кунига 1,5 минг, йилига қарийб 600 минг нафар йўловчига хизмат кўрсатиш имконияти ҳудудда иқтисодий фаолликни оширишга хизмат қилади.
Вагонларда иқлим назорати тизими ва кондиционерлар ўрнатилган. Бепул Wi-Fi, гаджетлар учун USB-портлар мавжуд. Ногиронлиги бўлган шахслар учун махсус кўтаргичлар, кенг жойлар ва мослаштирилган ҳожатхоналар кўзда тутилган. Велосипедларни ташиш учун маҳкамлагичлар йўловчиларнинг сафардан кейин ҳаракатланиш имкониятини янада кенгайтиради.
Вагонлардаги видеокузатув ва зарба кучини камайтирувчи крэш-тизимлар халқаро хавфсизлик стандартларига мос келади.
Йўл давомида Президентимиз вилоят фаоллари билан ҳудудда рўй бераётган ўзгаришлар ҳақида суҳбатлашди.
Темир йўл ҳалқаси Фарғона водийсининг туризм салоҳиятини ҳам янги босқичга олиб чиқиши таъкидланди. Бекатлар атрофида хизмат кўрсатиш шохобчалари, меҳмонхоналар ва умумий овқатланиш масканларини ташкил этиш зарурлиги, бу маҳаллий аҳоли учун қўшимча даромад манбаини яратиши қайд этилди.
Шундан сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Қувасой шаҳридаги “Crown Ceramic” қўшма корхонасида керамогранит плиталар ишлаб чиқариш жараёни билан танишди.

Юртимизда маҳаллий хомашё асосида импорт ўрнини босувчи ва экспортбоп маҳсулотлар ишлаб чиқаришни кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бугунги кунда республикада 47 та керамик плита ишлаб чиқарувчи корхона фаолият юритмоқда. Ўтган йили улар томонидан 47,2 миллион квадрат метр маҳсулот ишлаб чиқарилиб, ички талаб 128,6 фоизга қопланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2024 йил 16 декабрдаги Фарғона вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга доир қарорига мувофиқ, 2025 йилда Қувасой шаҳрида “Crown Ceramic” қўшма корхонаси ташкил этилди. Йилига 8 миллион квадрат метр керамогранит плита ишлаб чиқаришга мўлжалланган лойиҳа 1 триллион сўмлик маҳсулот тайёрлаш, 665 миллиард сўмлик қўшилган қиймат яратиш ва 35 миллион долларлик экспортни амалга ошириш имкониятларига эга.
Корхонада маҳаллий хомашёдан фойдаланиш даражаси 97 фоизни ташкил этмоқда. Унинг асосий қисми Қувасойдаги конлардан, шунингдек, Тошкент вилоятининг Ангрен ҳудудидан келтирилади. Ишлаб чиқариш жараёнида бир кунда 600 тонна сараланган тош, 100 тонна қизил каолин ва 100 тонна кулранг каолин ишлатилади.
Бу ерда Марказий Осиё ва Шарқий Европа бозорларида кам учрайдиган йирик форматдаги экспортбоп керамогранит плиталар ишлаб чиқарилиб, 6 хил ўлчамдаги маҳсулот тайёрланади.
Заводда оддий сой тошидан юқори қўшилган қийматли маҳсулот яратилмоқда. Дала шпати ишлаб чиқариш, каолин таркибидаги кўмирни тозалаш жараёнлари йўлга қўйилган. Бу юқори сифатли керамогранит ишлаб чиқаришда муҳим аҳамиятга эга.

Жараёнлар тўлиқ рақамлаштирилиб, энергиятежамкор ускуналардан фойдаланилмоқда. Экологик талабларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган: замонавий чанг ютиш мосламалари ва фильтрлар ўрнатилган. Ёмғир сувлари йиғиб олиниб, ишлаб чиқаришда фойдаланилади. Ишлатилган сувни тозалаш ва ишлаб чиқаришга қайта йўналтиришнинг ёпиқ занжири яратилган.
Замонавий технологиялар ҳисобига хомашё тайёрлашда электр энергияси сарфи 20 фоизгача камайтирилган. Кундузги иш жараёнида табиий ёруғликдан фойдаланилади.
Бу ерда ишлаб чиқарилаётган керамик плиталар сифат ва техник кўрсаткичлари бўйича Италия, Испания ва Хитой маҳсулотлари билан рақобатлаша олади. Жорий йил январь-март ойларида корхона Қирғизистон ва Тожикистонга 400 минг долларлик 80 минг квадрат метр маҳсулот етказиб берди. Экспорт географиясини кенгайтириш мақсадида Қозоғистон, Россия ва Европа давлатлари билан шартномалар имзолаш чоралари кўрилмоқда.
Корхонада ҳозирда импорт қилинадиган глазурь маҳсулотларини маҳаллийлаштириш бўйича илмий-амалий ишлар ҳам олиб борилмоқда. Қиймати 20 миллион доллар бўлган, йилига 50 минг тонна глазурь ишлаб чиқариш қувватига эга янги лойиҳа 2026 йил сентябрда ишга туширилади. Унинг натижасида яна 100 та иш ўрни яратилиши, қўшимча 10 миллион долларлик экспорт амалга оширилиши, сирлаш маҳсулотларига бўлган эҳтиёжнинг 85 фоизини корхонанинг ўз кучи билан қоплаш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари корхонада маҳсулот ишлаб чиқариш ва сақлаш жараёнлари, жорий этилган технологиялар ҳамда экспорт режалари билан танишди. Бундай қўшма корхоналар маҳаллий хомашёни чуқур қайта ишлаш, юқори қўшилган қиймат яратиш орқали ҳудуд иқтисодиётини ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи чоғида “Қува Агростар” корхонаси фаолияти билан танишди.
Мамлакатимиз қишлоқ хўжалигида маҳсулотни етиштирибгина қолмай, юқори қўшилган қиймат яратиш, қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш ҳажмларини оширишга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Шу мақсадда “Uzagrostar xolding” компанияси ташкил этилиб, унинг таъсисчилигида 21 та туманда ихтисослаштирилган аграр мажмуалар иш бошлади.
Соҳадаги асосий муаммолардан бири ишлаб чиқариш занжирининг тарқоқлиги эди. Деҳқон маҳсулот етиштирар, аммо уни сақлаш, саралаш, қадоқлаш ва ташқи бозорга чиқариш имконияти чекланган эди. Ихтисослашган агрокомплекслар эса айнан шу бўшлиқни тўлдирмоқда.
Улардан бири “Қува Агростар” корхонаси. Қува туманида жойлашган мажмуа йилига 12 турдаги 5 минг тонна маҳсулотни етиштиришдан тортиб, сақлаш, қайта ишлаш, қадоқлаш ва экспортгача бўлган жараёнларни ягона занжирда бирлаштирган.
Корхонанинг Италия, Испания, Германия ва Хитойдан келтирилган замонавий технологиялари ва Global GAP, ISO 22000, Halal ва HACCP каби халқаро сертификатлари маҳсулот сифати ва миллий брендга бўлган ишончни мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Тизимли ёндашув натижасида 2025 йилда илк бор Япония ва Жанубий Корея каби талабчан бозорларга авиатранспорт орқали маҳсулот экспорт қилинди. Жорий йилда 25 миллион долларлик маҳсулотни ташқи бозорга етказиш режалаштирилган.
Тумандаги 33 та маҳалладан 3 мингта хонадон ва 1 мингта деҳқон хўжалиги билан кооперация алоқалари йўлга қўйилган. Одамларга 10 сотих томорқадан 250 миллион сўмгача даромад олиш амалиёти ўргатилмоқда.

Шу ернинг ўзида аҳолига томорқадан самарали фойдаланишни ўргатиш ва маҳаллаларни чуқур ихтисослаштириш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимот қилинди.
Томорқа шунчаки қўшимча даромад манбаи эмас, балки оилавий тадбиркорликнинг самарали йўналишига айланиши муҳим экани таъкидланди. Аҳолига уруғ танлаш, агротехник тадбирларни тўғри бажариш, сифатли ҳосил олиш, маҳсулотни бозор талабига мос ҳолда тайёрлаш ва экспорт стандартларига мувофиқ қадоқлаш бўйича амалий кўникмалар бериш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Давлатимиз раҳбари “Қува Агростар” эришган натижаларни юқори баҳолаб, ердан самарали фойдаланиш, маҳсулотни чуқур қайта ишлаш ва экспортга йўналтириш орқали юқори қўшилган қиймат яратиш, энг муҳими, деҳқон ва томорқа эгалари даромадини сезиларли даражада ошириш муҳим эканини таъкидлади. Шу мақсадда Фарғона вилоятида 50 минг гектар ер майдонида тажриба тариқасида илғор агротехнологияларга асосланган қишлоқ хўжалиги тизими жорий этилиши белгиланди.
Президент Шавкат Мирзиёев Фарғона вилоятига ташрифи доирасида Қува туманида агровольтаика технологияси жорий этилган қишлоқ хўжалиги мажмуасига ҳам борди.

Юртимизда қишлоқ ва сув хўжалигида энергия сарфи ортиб бораётгани ҳисобга олиниб, “яшил” энергия қувватларини кўпайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Агровольтаика усули бир ернинг ўзида ҳам маҳсулот етиштириш, ҳам қуёш панеллари орқали электр энергияси ишлаб чиқариш имконини беради. Ҳисоб-китобларга кўра, мамлакатимизда агровольтаика йўналишида 10 гигаваттгача қувват яратиш салоҳияти мавжуд.

Бу ёндашув Ўзбекистон шароитида, айниқса, қуёшли кунлар кўп бўлган ҳудудлар учун самаралидир. Панеллар экинларга соя бериб, тупроқ намлигини узоқроқ сақлайди, сув сарфини камайтиради. Экинлар эса ер ҳароратини меъёрда ушлаб, қуёш модулларининг самарали ишлашига ёрдам беради.
Мажмуада сув тежамкорлигига қаратилган илғор технологиялар ҳам жорий этилган. Хусусан, Австриянинг “Bauer” компанияси технологияси асосида ёмғирлатиб суғориш тизими қўлланилмоқда. Бу усул сувни экин майдонига бир меъёрда етказиб, тупроқ намлигини сақлаш, ўғитни мақсадли бериш ва ҳосилдорликни ошириш имконини беради.
Мазкур технология аввал республикадаги фермер хўжаликларида синовдан ўтказилиб, сув сарфини 40 фоизга, ўғит сарфини 35 фоизга, қўл меҳнатини 90 фоизга камайтириш ва ҳосилдорликни 25 фоизга ошириш самарасини кўрсатган.
110 гектар майдонни эгаллаган мажмуада интенсив боғдорчилик, чорвачилик ва балиқчилик йўналишлари уйғунлаштирилган. Бу қайта тикланувчи энергия манбалари ва сув тежовчи технологиялар жорий этилган мамлакатимиздаги илк агромажмуалардан бири ҳисобланади.
Ҳудудда 10 мингта қуёш панели ўрнатилган. Улар электр энергияси ишлаб чиқариш билан бирга тупроқ намлигини сақлаш ва экинлар учун соя ҳосил қилишга хизмат қилади. Балиқчилик ҳовузларида кислород бериш жараёни электр энергияси ҳисобига амалга оширилади, ҳовуз суви эса минерал моддаларга бой ҳолда узумзор ва боғларни озиқлантиришга йўналтирилади.
Чорвачилик йўналишида қорамоллар қуёш панеллари соясида сақланади, боғ ҳудудидаги ўтлар билан озиқланади, органик ўғит эса ер унумдорлигини оширишга хизмат қилади. Шу тариқа мажмуада энергия, сув, озуқа ва ўғит бир-бирини тўлдирувчи ягона тизимга бирлаштирилган.
Бундай тизим қишлоқ хўжалиги, энергетика ва чорвачиликни ўзаро боғлаб, ердан икки карра самара олиш, маҳсулот таннархини пасайтириш ва бозорда рақобатбардошликни ошириш имконини беради. Энг муҳими, бу фермерлар даромадини кўпайтириш, янги иш ўринлари яратиш ва маҳаллий иқтисодиётни ривожлантиришга хизмат қилади.
Ҳозирда агромажмуада узумнинг экспортбоп “Аватар” нави етиштирилиб, зотдор қорамол ва қўйлар парваришланмоқда, интенсив балиқчилик йўлга қўйилган. Натижада 100 дан ортиқ оиланинг даромади оширилиб, 350 нафар аҳоли бандлиги таъминланмоқда. Экспорт ҳажми 2,5 миллион долларни ташкил этади.
Эндиликда нафақат мамлакатимиз, балки бутун минтақа учун ноёб бўлган ушбу тажрибани республиканинг 13 та ҳудудида 2 минг гектар майдонда оммалаштириш режалаштирилган.
Давлатимиз раҳбари мажмуа фаолияти билан танишар экан, агродронлар ёрдамида экинларни дорилаш ва мониторинг қилиш ишларини ҳам кўздан кечирди.
Сўнг Президент Шавкат Мирзиёев Қува туманидаги “Каркидон” сув омбори ҳудудида барпо этилган янги туризм мажмуасида амалга оширилаётган лойиҳалар билан танишди.

Бу маскан Фарғона водийсида ёзги дам олиш, экотуризм ва фаол ҳордиқ чиқариш учун энг жозибадор манзиллардан бирига айланиши кутилмоқда.
Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 1 апрелдаги қарорига мувофиқ, бу ерда қиймати 635 миллиард сўмлик замонавий туризм мажмуаси шакллантирилмоқда. Ҳудудда йўл инфратузилмаси яхшиланиб, ободонлаштириш ишлари давом этмоқда.
508 гектар майдонни эгаллаган мажмуа агротуризм, экотуризм ва экстремал туризм имкониятларини бирлаштирган. Бу ерда 45 та шале, 57 та замонавий меҳмон уйи, агротуризм мажмуаси, гуллар боғи, лавандазор, экобозор, сокин ҳудудлар ва ресторанлар ташкил этилган.
Президентимиз ҳудудда яратилган шароитлар билан танишар экан, бундай лойиҳалар аҳоли фаровонлиги, ҳудуд иқтисодиёти ва мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини оширишда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Туризм мамлакатни дунёга танитиш, янги иш ўринлари яратиш ва хизматлар экспортини кенгайтиришнинг самарали йўналишларидан бири экани қайд этилди.
Лойиҳа доирасида юздан ортиқ тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 2 мингга яқин янги иш ўрни яратилади. Йилига 750 минг нафар сайёҳни қабул қилиш, 3 миллиард сўмлик бюджет тушуми ҳамда 5 миллион долларлик хизматлар экспортини таъминлаш кўзда тутилган. Мажмуа 2027 йилдан тўлиқ қувватда ишга туширилади.
Келгусида бу ерда мотокросс майдонлари, 2 километрли дор йўли, картинг ва гольф майдонлари ташкил этилади. Бу имкониятлар “Каркидон” мажмуасини фаол туризм йўналишидаги флагман масканлардан бирига айлантиради.

Мутасаддиларга туризм ва хизмат кўрсатиш соҳаларини янада ривожлантириш, маҳаллий ва хорижий сайёҳлар учун қулай шароитлар яратиш, энг муҳими, аҳоли манфаатига хизмат қиладиган барқарор тизимни шакллантириш бўйича топшириқлар берилди.
Ташриф давомида давлатимиз раҳбари янги меҳмонхона ва савдо мажмуалари фаолияти билан ҳам танишди. Шу ернинг ўзида сайёҳлик соҳасида истиқболда амалга ошириладиган лойиҳалар тақдимот қилинди.
Жумладан, Тахтакўпир туманида Қоратеренг кўли, Хонобод туманида сунъий кўл, Хатирчи туманида “Кўксарой” сув омбори, Поп туманида Арашан кўли, Нуробод туманида “Собирсой” ва Каттақўрғон туманидаги “Каттақўрғон” сув омборлари атрофида ҳам йирик туризм мажмуаларини барпо этиш режалаштирилган.
Бу каби лойиҳалар мамлакатимизнинг сайёҳлик салоҳиятини кенгайтириш, ҳудудларда хизмат кўрсатиш соҳасини ривожлантириш ва аҳоли даромадини оширишга хизмат қилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Қува туманидаги 1-сонли техникумда ёшларни замонавий касблар ва хорижий тилларга ўқитиш ишлари билан танишди.

Бугун мамлакатларнинг рақобатбардошлиги нафақат табиий ресурслар, балки инсон капитали, билим ва замонавий касб эгаларининг салоҳияти билан ҳам белгиланмоқда. Шу боис, Ўзбекистонда профессионал таълим тизимини ислоҳ қилиш, айниқса, ҳудудлардаги техникумларни амалий билим, инновация ва тадбиркорлик марказларига айлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Қува туманидаги техникум фаолияти ҳам мазкур ислоҳотларнинг амалий ифодасидир.
Техникум биносида замонавий касбларга ўқитиш ва стартапларни қўллаб-қувватлаш марказлари ташкил этилган.
Хорижий таълим муассасалари билан ҳамкорликда немис ва хитой тилларини ўқитиш билан бирга логистика, қишлоқ хўжалигида дронларни бошқариш, “ақлли” ирригация, қуёш панелларини ўрнатиш ва таъмирлаш каби замонавий йўналишлар бўйича кадрлар тайёрланади.
Дуал таълим тизими жорий этилиб, 550 нафар ўқувчи назарий билимларни бевосита амалиёт билан боғлаган ҳолда олмоқда.
Стартап маркази ёшларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлашда муҳим аҳамиятга эга. Бу ерда робототехника, СMM, мобилография, дизайн каби талаб юқори бўлган йўналишлар бўйича ҳам ўқув курслари ташкил этилган.
Лойиҳа доирасида 200 та янги иш ўрни яратилади. Ушбу тажрибани республикадаги яна 10 та қишлоқ хўжалиги техникумида жорий этиш режалаштирилган.
Президентимиз касб ўрганаётган ёшлар билан суҳбатлашди, уларнинг ўқиши ва келгуси фаолиятида муваффақиятлар тилади.
Давлатимиз раҳбари Марғилон шаҳридаги “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасида барпо этилган маданият ҳамда хизмат кўрсатиш объектлари билан танишди.

Фарғона вилоятининг туризм салоҳиятини тўлиқ ишга солиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ўз натижасини бермоқда. Кейинги йилларда ҳудудга хорижий сайёҳлар ташрифи бир неча баробар ошгани ҳам бунинг яққол далилидир.
Қадимий Марғилон шаҳри бу борада катта имкониятларга эга. Давлатимиз раҳбарининг 2025 йил 1 апрелдаги қарори асосида бу ерда “Бурҳониддин Марғиноний” мажмуаси барпо этилди. Миллий меъморчилик анъаналари, Марғилон тарихи ва замонавий туризм талаблари уйғунлашган ушбу мажмуа қадим шаҳар ичидаги шаҳарчадир.
35 гектар майдонни эгаллаган мажмуада сайёҳлар учун барча қулайликлар яратилмоқда. Бу ерда меҳмонхона, карвонсарой, савдо ва хизмат кўрсатиш бинолари, ҳунармандлар маркази, миллий бозор ва музейлар қуриб битказилган.
Буюк аллома Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш мажмуанинг асосий йўналишларидан биридир. Шу билан бирга, ҳудудда қадимий ҳунармандчилик анъаналарини сақлаш, зиёрат ва маданий туризмни ривожлантириш кўзда тутилган.
Мажмуада “Отабек ва Кумуш уйи” музейи ҳам ташкил этилган. Унинг деворларида “Ўткан кунлар” романи саҳналари жонлантирилиб, адабиёт ва тарихни уйғунлаштирган ноёб муҳит яратилган. Шунингдек, мақом театри, шоир ва рассомлар хиёбони ҳамда кутубхона ҳам жой олган.
Қиймати 1,7 триллион сўм бўлган лойиҳанинг бош режаси Туркиянинг “Studio Vertebra” компанияси томонидан ишлаб чиқилган. Мажмуа икки босқичда барпо этилади. Келгусида бу ерда бизнес марказ, 1500 ўринли масжид, меҳмонхоналар, 400 та савдо ва хизмат кўрсатиш нуқтаси ҳамда 300 ўринли бозор ташкил этилади.
Давлатимиз раҳбари мажмуа бўйлаб юриб, бунёдкорлик ишларини кўздан кечирди. Ҳунармандчилик, бадиий ва амалий санъат кўргазмалари, бозор расталари билан танишди. Жамоатчилик вакиллари билан самимий суҳбат қурди.
Мажмуа тўлиқ ишга тушгач, вилоятга йилига ўртача 200-250 минг нафар хорижий сайёҳ жалб этилиши кутилмоқда. Бунинг натижасида 2 мингта иш ўрни яратилади, бюджетга 52 миллиард сўм тушум ва 30 миллион долларлик хизматлар экспорти таъминланади.
Шунингдек, “Бурҳониддин Марғиноний” мажмуаси тажрибасини Бухородаги “Боқий Бухоро”, Самарқанддаги Имом Мотуридий мақбараси атрофи, Қўқондаги Ўрда, Намангандаги “Ахсикент” ёдгорлиги ҳамда Тошкентнинг Эски шаҳар ҳудудларида ҳам кенг жорий этиш режалаштирилган.
Сўнг Марғилон шаҳрида “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуасининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Президент Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, нутқ сўзлади.

Давлатимиз раҳбари Фарғона аҳлини ушбу тарихий воқеа билан самимий табриклаб, мажмуа нафақат Марғилон, балки бутун Фарғона водийси маънавий ҳаётида муҳим ўрин тутишини таъкидлади.
Қайд этилганидек, кейинги йилларда Фарғона вилоятини 2030 йилгача ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастури изчил амалга оширилмоқда. Қўқонда аэропорт қайта тикланди, Марғилон ва бошқа шаҳар-туманларда замонавий ишлаб чиқариш корхоналари, таълим, тиббиёт ва маданият масканлари, IT-парклар, “Янги Ўзбекистон” турар жой массивлари барпо этилмоқда.
Бу ишлар аҳоли учун қулай меҳнат ва турмуш шароитини яратиш, инсон қадрини улуғлаш ва ҳудудларга Янги Ўзбекистон руҳини олиб киришга хизмат қилмоқда.
Президентимиз Фарғона вилояти сўнгги йилларда нафақат мамлакатимиз, балки халқаро миқёсдаги йирик тадбирларга ҳам мезбонлик қилаётганини таъкидлади. Қўқонда халқаро ҳунармандчилик фестивали, Риштонда кулолчилик анжумани ўтказилиши яхши анъанага айланган. Марказий Осиё мамлакатларининг ҳудудлараро ҳамкорлик форумлари ҳам Фарғонада муваффақиятли ташкил этилмоқда.
Сўнгги йилларда миллий меъморчилик ечимлари асосида, тарихий ва замонавий анъаналарни уйғунлаштирган йирик туризм мажмуалари барпо этилмоқда. Самарқандда “Буюк ипак йўли” ва Имом Бухорий мажмуалари, Хоразмда “Арда Хива” халқаро туризм маркази ишга туширилди. Тошкентда очилган Ислом цивилизацияси маркази ҳам бу борада улкан қадам бўлди.
Ушбу марказ экспозициясида Фарғона тарихига алоҳида ўрин ажратилгани, тўрт йирик порталдан бири Қўқон портали деб аталгани, Биринчи Ренессанснинг буюк намояндалари – Аҳмад Фарғоний ва Бурҳониддин Марғиноний мероси атрофлича ёритилгани қайд этилди.

Туризм инфратузилмасини ривожлантириш ўз самарасини бермоқда. Жорий йилнинг биринчи чорагида Ўзбекистонга 3 миллионга яқин хорижий сайёҳ ташриф буюрди, туризм экспорти 1,1 миллиард доллардан ошди.
Давлатимиз раҳбари Фарғона заминининг бой маънавий ва маданий меросига алоҳида тўхталди. Увайсий, Нодира, Анбар отин, Дилшод Барно, Гулханий, Муқимий, Фурқат, Завқий, Чархий, Собир Абдулла каби шоир ва адиблар, Азиз Қаюмов, Эркин Воҳидов, Худойберди Тўхтабоев, Умарали Норматов, Энахон Сиддиқова, Анвар Обиджон каби олим ва ижодкорлар халқимиз маънавий хазинасига улкан ҳисса қўшгани таъкидланди.
Ўзбек санъати ва маданияти равнақига Юсуфжон қизиқ Шакаржонов, Уста Олим Комилов, Муҳиддин Қориёқубов, Тамарахоним, Ҳалима Носирова, Мукаррама Турғунбоева, Жўрахон Султонов, Маъмуржон Узоқов каби улуғ санъаткорлар беқиёс ҳисса қўшгани қайд этилди.
Президентимиз санъат аҳлининг меҳнати ва истеъдодини қадрлаш, уларнинг ижодий меросини келажак авлодларга етказиш борасида катта ишлар режалаштирилаётганини билдирди. Шерали Жўраев ва Фаррух Зокиров мактаблари ташкил этилгани, келгусида фарғоналик устоз санъаткорларнинг ҳам маҳорат мактаблари очилиши маълум қилинди.
Давлатимиз раҳбари “Бурҳониддин Марғиноний” илмий-маърифий ва туризм мажмуаси Фарғона ривожида янги даврни бошлаб беришини қайд этди.
Миллий меъморчилик анъаналари асосида бунёд этилган 35 гектарлик мажмуа Ислом ҳуқуқшунослиги институти, мақом театри, очиқ амфитеатр, ўлкашунослик музейи, адиб ва санъаткорлар хиёбони, ҳунармандлар маркази, меҳмонхона ва сервис шохобчаларини ўз ичига олади.
Мажмуа Бурҳониддин Марғинонийнинг бой илмий меросини ўрганиш ва тарғиб қилиш, ҳудуднинг қадимий ҳунармандчилик анъаналарини асраб-авайлаш, зиёрат ва маданий туризмни ривожлантиришга хизмат қилади.

Президентимиз бу муҳташам обида Янги Ўзбекистон мўъжизалари қаторидан муносиб ўрин эгаллаб, Фарғона вилоятининг ташриф қоғозларидан бирига айланишига ишонч билдирди.
– Биз ушбу мажмуани айнан Марғилон шаҳрида барпо этганимиз замирида жуда чуқур тарихий ва ҳаётий ҳақиқат мужассам. Бу табаррук шаҳар кўплаб илм ва маърифат эгаларини вояга етказган. Тарихий манбаларда айтилишича, мазкур қутлуғ маскан “Маърифат аҳлининг ватани” деган юксак шарафга сазовор бўлган.
Биз ана шундай қудратли маънавий меросимизга таяниб, Марғилон, бутун Фарғона тарихининг шон-шараф китобига янги саҳифалар битмоқдамиз. Бу билан ҳар қанча фахрлансак, ғурурлансак арзийди, – деди Президентимиз.
Давлатимиз раҳбари мажмуани бунёд этишда иштирок этган олим ва лойиҳачилар, муҳандис ва қурувчилар, ишчи-хизматчилар ҳамда ушбу эзгу ишга ҳисса қўшган барча инсонларга миннатдорлик билдирди.
Маросим катта концерт дастури билан давом этди. Фольклор-этнографик жамоалар ҳамда санъаткорларнинг чиқишлари, миллий ўйин ва аскиялар барчага завқ-шавқ улашди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Фарғона вилоятига ташрифи давом этмоқда.
Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,
Икром АВВАЛБОЕВ,
Абдулазиз РУСТАМОВ,
Беҳруз ХУДОЙБЕРДИЕВ,
ЎзА махсус мухбирлари