Фарғона вилоятига халқаро эътироф
"Fitch Ratings" халқаро рейтинг агентлиги Фарғона вилоятининг хорижий ва миллий валютадаги узоқ муддатли кредит рейтингини “BB-” даражасида, истиқболини эса “Барқарор” деб баҳолади. Бу баҳо вилоятда юқори инвестицион жозибадорлик шакллангани, инвесторлар учун қулай ва тизимли муҳит яратилганини халқаро даражада тасдиқлайди.
Шунингдек, рейтинг Фарғона вилоятида тижорий қарз юкининг деярли мавжуд эмаслиги, бюджет даромадлари эса барқарор ўсиб бораётганини кўрсатади.
Эътиборли жиҳати шундаки, 2025 йил ноябрь ойида яна бир нуфузли халқаро агентлик — S&P Global Ratings ҳам вилоят рейтингини “B+”дан “BB-”га оширган эди. Шу тариқа, бугунги кунда икки етакчи халқаро рейтинг агентлиги Фарғона вилоятининг молиявий барқарорлигини бир хил даражада баҳоламоқда.
Мазкур натижа Фарғона вилоятини республикадаги ягона шундай ҳудуд сифатида намоён этмоқда.
“BB-” рейтинги эса вилоят иқтисодиёти барқарор, молиявий хавфлар нисбатан паст ва ташқи инвестицияларни жалб қилиш учун ишончли ҳамда соғлом муҳит мавжудлигини англатади.
Муҳаммаджон Обидов, ЎзА