Фарғона вилояти туризм чорраҳасида
Сўнгги йилларда Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим соҳаларидан бирига айланган туризм соҳаси ҳудудларда янгича суръат билан ривожланмоқда. Хусусан, Фарғона вилоятининг бой табиий манзаралари, қадимий ҳунармандчилик анъаналари ва стратегик географик жойлашуви бу борада улкан имкониятлар эшигини очмоқда.
Яқинда Туризм қўмитаси раиси А.Аққулов бошчилигидаги Республика ишчи гуруҳининг вилоятга ташрифи ҳамда тадбиркорлар билан ўтказилган очиқ мулоқоти соҳадаги ислоҳотларнинг амалий ифодаси бўлди.

Хизмат сафари доирасида вилоят ҳокимлиги ва тегишли идора ҳамда ташкилотлар вакиллари, шунингдек, 45 нафардан зиёд туризм соҳасида фаолият юритаётган маҳаллий тадбиркорлар – туроператорлар, меҳмонхоналар, умумий овқатланиш объектлари, транспорт хизматлари кўрсатувчи ташкилотлар, дам олиш масканлари ҳамда маданий муассасалар раҳбарлари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди.

Мулоқот давомида Фарғона вилоятида 2025 йилда туризм соҳасида амалга оширилган лойиҳалар, эришилган ижобий кўрсаткичлар ҳамда соҳанинг бугунги ҳолати юзасидан атрофлича маълумотлар тақдим этилди. Шунингдек, 2026-2027 йилларга мўлжалланган устувор йўналишлар – туризм инфратузилмасини янада такомиллаштириш, янги туризм маҳсулотлари ва йўналишларини ишлаб чиқиш, сайёҳлар оқимини ошириш ҳамда соҳада хусусий тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари муҳокама қилинди.

Учрашув давомида тадбиркорлар томонидан илгари сурилган таклиф ва ташаббуслар асосида Фарғона вилоятида туризмни ривожлантиришга қаратилган истиқболли лойиҳалар бўйича аниқ манзилли режа ва таклифлар шакллантирилди.

Мазкур ташаббусларнинг изчил амалга оширилиши натижасида вилоятнинг туристик жозибадорлиги янада ортиши, янги иш ўринлари яратилиши ҳамда маҳаллий аҳоли даромадларининг ошишига хизмат қилиши кутилмоқда.
Фарғона вилоятида туризмни ривожлантириш бўйича ўтказилган ўрганишлар ва очиқ мулоқотлар шуни кўрсатдики, ҳудудда салоҳият юқори, ирода эса қатъий. Белгиланган манзилли режалар ва берилган тавсиялар вилоятнинг иқтисодий фаоллигини оширишда муҳим пойдевор бўлади.
Дилдора Дўсматова, ЎзА