Фарғона Самарқанд вилоятига рақобатчи бўла оладими?
Каттақўрғон майизининг донғи узоқ чет мамлакатларга ҳам кетган. Чунки баҳорнинг майин иқлими, ёзнинг жазирамасини кўрган турфа хил навли узумдан қилинган майизлар шираси-ю таркибидаги дармондорилари билан мижозни биринчи бор тотинганидаёқ ўзига мухлис қилиб қўяди.
Аммо сўнгги йилларда Фарғона майизи экспорти ҳам ортиб бормоқда. Масалан, биргина шу йилнинг январь-апрель ойларида фарғоналик узумчилар 1,6 минг тонна майизни ўнгга яқин давлатдаги харидорларга етказиб бердилар. Шундан сўнг, улар ҳисоб рақамига 2,5 млн доллар келиб тушади. Экспорт ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 10 фоиз кўпайган.
Бунинг сабаби, биринчидан, Фарғона вилоятида янги узумзорлар ташкил этилганида. Сўнгги йилларнинг ўзида вилоятда 7 минг гектар янги узумзор боғлар яратилди. Иккинчидан, баб-баравар пишган узумларни ўз ҳолича сотиб улгуриб бўлмай қолди, дейди боғбонлар. Шунинг учун уни қайта ишлаб узум шарбати, сиркаси, уруғи, қиёми ва, албатта, майизи ҳам олиняпти. Майизчилик даромади эса боғбонларни шу соҳани ривожлантиришга туртки бермоқда.
Хўш, яқин йилларда Фарғона боғбонлари Самарқанд майизига рақобат қила оладими?
Мухаммаджон Обидов, ЎзА