Фаол ишбилармонлик муҳити янги бизнесменлар сонини кўпайтирмоқда
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги олдидан босиб ўтган йўлимизни сарҳисоб қилар эканмиз, ҳар бир соҳа ва йўналишда қатор натижаларга эришилганига гувоҳ бўламиз. Биргина тадбиркорларга яратилаётган шароитлар, берилаётган имкониятлар туфайли юртимизда тадбиркорлик фаолияти жадал ривожланмоқда. Янги субъектлар сони кўпайиб, аввалдан ишлаётганлари ўз фаолиятини янада кенгайтирди. 2025–2030 йилларда кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш стратегиясининг тасдиқланиши эса соҳадаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш учун муҳим ҳуқуқий ва институционал асос яратди.
Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитаси томонидан мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан “Истиқлол йилларида тадбиркорликни ривожлантириш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш борасидаги ислоҳотлар жараёнида парламентнинг ўрни ва роли” мавзусида тадбиркорлар билан очиқ мулоқот ўтказилди.
Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Раҳимжон Хакимов тадбирни кириш сўзи билан очиб, мамлакатимизда Президентимиз раҳбарлигида хусусий мулкни ҳимоя қилиш, тадбиркорлик учун қулай шарт-шароитлар яратиш, бизнес юритиш учун ортиқча маъмурий тўсиқларни бартараф этиш, ишбилармонлик муҳитини янада яхшилаш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар ҳақида тўхталиб ўтди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистон бизнес юритиш учун қулай мамлакатга айланиб бормоқда. Сўнгги йилларда соҳага доир кўплаб қонунлар қабул қилинди. Натижада тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш, уларда корпоратив бошқарувни тартибли ва масъулиятли қилиш, кўчмас мулк бозорини профессионал, шаффоф ва ишончли тизимга айлантиришнинг ҳуқуқий пойдевори мустаҳкамланди.
Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган тадбиркорлар билан очиқ мулоқот тадбиркорларнинг овозини эшитиш, уларни ўйлантираётган масалаларга бевосита ечим топиш, давлат ва бизнес ўртасидаги ўзаро ишончни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қуйи палатада Тадбиркорлик, рақобатни ривожлантириш ва саноат масалалари қўмитасининг ташкил этилиши тадбиркорлик субъектларининг манфаатларини парламент даражасида ифода этиш, соҳадаги долзарб масалаларни тизимли равишда кўриб чиқиш, шунингдек, давлат ва бизнес ўртасидаги ҳуқуқий ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.
Қўмита аъзоларининг ҳудудлардаги ишлаб чиқариш корхоналари, саноат зоналари, хизмат кўрсатиш объектларидаги ўрганишлари, кичик ва ўрта бизнес вакиллари билан учрашувлари давомида соҳага оид масалалар ҳал этилмоқда, қонунчиликни такомиллаштириш бўйича таклифлар олинмоқда. Бу ўз навбатида, парламент ва бизнес ўртасидаги амалий ҳамкорликни мустаҳкамламоқда.

Мулоқот давомида турли йўналишларда фаолият юритаётган тадбиркорлар ўз тажрибаси, соҳадаги имкониятлар ва амалиётда учраётган муаммолар юзасидан фикр-мулоҳазаларини билдирди.
Шунингдек, парламент ва тадбиркорлар ўртасидаги ҳамкорликни янада тизимли йўлга қўйиш мақсадида “Парламент — тадбиркор” ўзаро мулоқот платформасини ишга тушириш ташаббуси илгари сурилди. Мазкур платформа уларнинг муаммолари, таклиф ва ташаббусларини мунтазам муҳокама қилиш, уларни қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш жараёнига жалб қилиш ҳамда соҳадаги долзарб масалалар юзасидан очиқ мулоқотни йўлга қўйишда алоҳида майдон вазифасини ўтайди.
Тадбир якунида бизнес вакилларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда қонунчиликни такомиллаштиришга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
М.Комилова, ЎзА