“Фаол ҳаётга қадам”
Мамлакатимизда аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларини қўллаб-қувватлаш, уларнинг ҳаёт сифатини яхшилаш ва жамиятда муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда бу борада амалга оширилаётган ислоҳотлар натижасида ижтимоий хизматлар кўлами кенгайиб, аҳолига яқин ва самарали тизим шакллантирилмоқда.
“Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида жорий этилган янги хизматлар оилавий ва ижтимоий кўмакка муҳтож фуқаролар ҳаётини енгиллаштиришда муҳим аҳамият касб этмоқда. Мазкур дастур орқали ўзгалар парваришига муҳтож шахслар учун уй шароитида ижтимоий-маиший ёрдам кўрсатиш, уй шароитида қараб туриш, тиббий-ижтимоий реабилитация, кундузги қатнов асосида қараб туриш ҳамда шахсий ёрдамчи хизматлари ташкил этилган. Бу хизматлар фуқароларнинг кундалик эҳтиёжларини қондириш, саломатлигини тиклаш ва жамиятга мослашувини таъминлашга хизмат қилмоқда.
Навоий вилоятининг Хатирчи туманида дастур ижроси доирасида қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, туманнинг Дўстлик маҳалласида фаолият юритаётган “Иброҳимова Шарофат” хусусий корхонаси негизида кундузги парвариш маркази ташкил этилган. Марказ фаолиятининг асосий мақсади эҳтиёжманд инсонларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг жамият билан интеграциялашувига кўмаклашиш ва ҳаёт сифатини яхшилашдан иборат.
Марказ ногиронлиги бўлган шахслар ҳамда ижтимоий ҳимояга муҳтож ёлғиз кексаларга хизмат кўрсатиб келмоқда. Бу ерда фуқаролар учун қулай шарт-шароитлар яратилган бўлиб, уларга зарур ижтимоий ва реабилитация хизматлари кўрсатилади.

Марказ 8 ўринга мўлжалланган бўлиб, бу ерда бир нечта турдаги ижтимоий хизматлар кўрсатилади. Энг муҳими, марказ фаолиятидан фойдаланаётган фуқаролар кўрсатилаётган хизматлар сифати юқори эканлигини таъкидлаб, бундай ғамхўрлик ўзларининг саломатлиги ва руҳий ҳолатига ижобий таъсир кўрсатаётганини билдирмоқда.
Бугунги кунда “Фаол ҳаётга қадам” дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар инсон қадрини улуғлаш, эҳтиёжманд фуқароларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ва жамиятда меҳр-оқибат муҳитини мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда. Бу эса юртимизда ижтимоий давлат тамойиллари амалда ўз ифодасини топаётганининг яна бир ёрқин намунасидир.
Элбек Икромов,
Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги ҳузуридаги Ижтимоий инспекциянинг
Навоий вилояти бошқармаси бош мутахассиси.
ЎзА