“F” гуруҳида интрига сақланмоқда: Нидерландия йирик ғалабага эришди
Футбол бўйича 2026 йилги Жаҳон чемпионатининг “F” гуруҳида Нидерландия терма жамоаси биринчи ўринга кўтарилди.
Америка Қўшма Штатларининг Хьюстон шаҳридаги “Эн-ар-джи” стадионида футбол бўйича Жаҳон чемпионатининг “F” гуруҳидан ўрин олган Нидерландия ва Швеция терма жамоалари ўзаро баҳс олиб борди.
Учрашувда нидерландияликлар устунликни илк дақиқалардан қўлга олди. Жамоа ҳужумчиси Брайан Бробби 5 ва 17-дақиқаларда гол уриб, ҳисобни 2:0 кўринишига олиб келди. Танаффусдан кейин эса Коди Гакпо 47 ва 54-дақиқаларда рақиб дарвозасини ишғол қилиб, жамоасининг устунлигини янада мустаҳкамлади. 89-дақиқада эса Крисенсио Саммервилл ҳисобни янада йирик кўринишга олиб келди.
Швеция терма жамоасининг ягона голига 59-дақиқада Энтони Эланга муаллифлик қилди. Шу тариқа баҳс Нидерландиянинг 5:1 ҳисобидаги ғалабаси билан якунланди.
Мазкур натижадан кейин Нидерландия терма жамоаси 4 очко билан “F” гуруҳида якка пешқадамга айланди. Швеция ҳисобида эса 3 очко мавжуд бўлиб, жамоа иккинчи ўринда бормоқда.

Гуруҳнинг иккинчи тур доирасидаги яна бир учрашувида Тунис ва Япония терма жамоалари ўзаро баҳс олиб боради. Ушбу ўйин 21 июнь куни мамлакатимиз вақти билан соат 09:00 да бошланади. Агарда ушбу учрашувда япониялик футболчилар ғалаба қозона олса, гуруҳда иккинчи ўринга чиқиб олади. Бироқ, тунислик чарм тўп усталари зафар қучса, кучли учликка киради. Шуни таъкидлаб ўтиш лозимки, икки вазиятда ҳам голлар нисбатига қараб ўринлар тақсималанади.
21 июнь кунги баҳсларни “E” гуруҳидаги Германия — Кот-д’Ивуар учрашуви очиб беради. Соат 01:00 да старт оладиган мазкур баҳсда ғолиб жамоа плей-офф босқичи йўлланмасига яқинлашади. Шунингдек, ушбу гуруҳнинг яна бир ўйинида Эквадор ва Кюрасао терма жамоалари соат 05:00 да майдонга тушади.
Куннинг сўнгги баҳси “H” гуруҳида бўлиб ўтади. Унда Испания терма жамоаси Саудия Арабистонига қарши баҳс олиб боради. Учрашув мамлакатимиз вақти билан соат 21:00 да старт олади.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА