Эзгу мақсадлар ижобати йўлида
Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси қабул қилинганининг 30 йиллиги Фарғонада кенг нишонланмоқда.
Фарғона шаҳридаги вилоят театр-концерт саройида бўлиб ўтган тадбирда вилоят фаоллари, сенатор ва депутатлар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, ташкилот-бошқармалар раҳбарлари, зиёлилар, баркамол авлод вакиллари ҳамда кенг жамоатчилик вакиллари иштирок этди.
Халқимизнинг бахтли ва фаровон ҳаёт кечириши, фарзандларимиз учун муносиб яшаш шароити яратиш – Конституциямизнинг бош мақсадидир. Бугун мамлакатимизда амалга оширилаётган конституциявий ислоҳотлар замирида ҳам инсон қадрини улуғлашга қаратилган эзгу ғоя мужассам. Ҳудудларда аҳоли фаровонлигини ошириш, одамларни ҳаётдан рози қилиш борасида муайян ишлар амалга оширилмоқда. Буни Фарғона вилояти мисолида ҳам яққол кўриш мумкин.
[gallery-9890]
Тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, инвестицияларни жалб этиш вилоят иқтисодиёти ривожида муҳим аҳамият касб этмоқда. Вилоятда ўзлаштирилаётган хорижий инвестициялар миқдори йилига ўртача 50 фоизлик ўсиш суръатини ташкил қилиб, бу борада республикада 2-ўринни эгаллаб келмоқда. Дунёнинг энг нуфузли “S&P Global Rating” (АҚШ) халқаро рейтинг агентлиги томонидан вилоятнинг мустаҳкам молиявий индикаторлари ва юқори иқтисодий салоҳияти учун “B+”, яъни “барқарор” даражасидаги кредит рейтинги берилгани ҳам катта эътироф бўлди.
Фарғона шаҳридаги экошаҳарда, Фарғона ва Ёзёвон туманларида “Янги Ўзбекистон” массивларини бунёд этиш ишлари қизғин давом этмоқда. Жорий йил Фарғона вилоятида 82 та умумтаълим мактабларида қурилиш-таъмирлаш ишларини амалга ошириш белгиланган бўлиб, ушбу мақсадлар учун 273,6 миллиард сўм маблағлар йўналтирилди. Соғлиқни сақлаш, спорт, аҳоли бандлигини таъминлаш борасида ҳам ҳудудларда кенг кўламли ишлар давом этмоқда. Албатта, мазкур ислоҳотларнинг замирида Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг ўрни ва аҳамияти беқиёс.
Тантанали байрам тадбирини вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Авазбек Ўринбоев очиб, бош қомусимиз бугунги бахтли ҳаёт ва нурли келажагимиз тимсоли, Ватан тараққиёти, юртимиздаги ҳар бир инсон ҳуқуқ ва эркинликларини кафолатловчи муҳим ҳужжат эканлигини таъкидлади. Байрам тадбири қатнашчиларини қутлуғ сана билан муборакбод этди. Санъаткорларнинг байрам дастури барчага завқ улашди.
М.Сулаймонов, М.Қодиров (сурат), ЎзА