Европадаги украиналиклар учун вақтинчалик ҳимоя тугаяпти – кейин-чи? (+видео)
Европа украиналик қочқинлар учун жорий этилган вақтинчалик ҳимоя дастурини якунлашга тайёргарлик кўрмоқда, деб хабар берди ВВС нашри.
Бу дастурни Россия-Украина уруши бошланганидан кейин Европа Иттифоқи қабул қилган эди. У миллионлаб украиналикларга, асосан аёллар ва болаларга Европа давлатларида яшаш ва ишлаш имконини берди. Ҳозир дастур 2027 йил мартгача узайтирилган бўлса-да, унинг кейинги тақдири муҳокама қилинмоқда.
2026 йил март ойидан бошлаб Европа давлатлари украиналикларнинг кейинги ҳуқуқий мақоми ҳақида музокараларни бошлади. Вақтинчалик ҳимоя номидан ҳам кўриниб турибдики, у доимий эмас, шунинг учун 2027 йилдан кейинги давр учун янги режа керак. Еврокомиссиянинг махсус вакиллари ҳам вақтинчалик чора беш йилга етарли,деб ҳисоблайди.
Ҳозир дунё бўйича қарийб 5,9 млн украиналик қочқин бор. Улардан 5,3 миллиони Европада яшайди. 2025 йил охирига келиб, Европа Иттифоқи давлатларида 4 млндан зиёд украиналик вақтинчалик ҳимоя мақомига эга бўлган. Энг кўп қочқинни Германия, Польша ва Чехия қабул қилган.
Кўпчилик украиналиклар Европада ишлаб, маҳаллий иқтисодиётга ҳисса қўшмоқда. 2025 йил ўрталарида 20–64 ёшли украиналик қочқинларнинг тахминан 57 фоизи иш билан таъминланган. Энг юқори бандлик даражаси Эстония, Венгрия, Польша ва Чехияда қайд этилган. Бироқ кўпчилиги ўз мутахассислигига мос келмайдиган, паст малакали ишларда ишлаётгани ҳам таъкидланади.
Вақтинчалик ҳимоя дастури тугагач, Европада қолмоқчи бўлган украиналиклар бошқа ҳуқуқий мақом олиши керак бўлади. Бу иш визаси, талабалик визаси, оилавий бирлашиш ёки юқори малакали мутахассислар учун мўлжалланган махсус дастурлар орқали амалга оширилиши мумкин.
Масалан, Германияда ҳозир 1,2 млн га яқин украиналик яшайди. Германия ҳукумати улар учун алоҳида янги мақом жорий қилишни режалаштирмаяпти ва мамлакатда қолмоқчи бўлганларга иш ёки ўқиш асосида бошқа рухсатномаларга ўтишни тавсия қилмоқда.
Польша эса украиналиклар учун вақтинчалик ҳимояни 2027 йилгача узайтирди, аммо айрим ижтимоий ёрдамларни қисқартиришни бошлади. Шу билан бирга, украиналиклар Польша иқтисодиётига катта ҳисса қўшмоқда. Чехияда эса украиналик қочқинлар масаласи сиёсий баҳсларга сабаб бўлмоқда. Баъзи партиялар уларга узоқ муддатли яшаш рухсатини осонлаштириш таклифига қарши чиқди. Улар барча мигрантлар учун бир хил қоидалар бўлиши кераклигини айтишмоқда. Шу билан бирга, Чехия президенти украиналиклар мамлакат иқтисодиётига фойда келтираётганини таъкидлаб, уларни юк сифатида кўрмасликка чақирмоқда.
Бошқа Европа давлатлари ҳам маълум чекловлар жорий қилишни режалаштирмоқда. Масалан, Германия урушдан камроқ зарар кўрган Украина ҳудудларидан келган янги қочқинларга вақтинчалик ҳимоя беришни чеклаши мумкин. Шунингдек, 23–60 ёшли эркаклар ҳарбий хизматдан озод этилганини тасдиқлаши талаб қилиниши мумкин.
Мутахассислар фикрича, 2027 йилгача Европа давлатлари украиналик қочқинларни қўллаб-қувватлашни давом эттиради. Бироқ келгусида уларнинг кўпчилиги вақтинчалик ҳимоядан доимий ҳуқуқий мақомга ўтиши ёки ўз ватанига қайтиш масаласида қарор қабул қилишига тўғри келади.
<iframe width="650" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/FKAsSkSzagY" title="Evropadagi ukrainaliklar uchun vaqtinchalik himoya tugayapti – keyin-chi? " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Кенжа Бекжонов, Искандар Исматов, ЎзА