Европадаги аномал ҳарорат ўн мингдан ортиқ инсоннинг ҳаётига зомин бўлди
Жорий йилнинг июнь ойи иккинчи ярмида Европа қитъасида кузатилган ғайритабиий жазирама камида 10 минг кишининг умрига зомин бўлди
Европа қурбонларни мониторинг қилиш маркази тақдим этган маълумотларга кўра, йилнинг 26-ҳафтасида қайд этилган ўлим кўрсаткичи меъёрдан анча юқорилаб кетган. Фожиадан энг кўп зарар кўрган қатлам 65 ёшдан ошган қариялар бўлиб, ушбу ёш тоифасида 9 мингдан зиёд ўлим ҳолати кузатилди.
Ҳудудлар кесимида энг оғир вазият Бельгия ва Францияда қайд этилган бўлса, Испания, Нидерландия ҳамда Швейцарияда ўртача кўрсаткичлар аниқланди. Буюк Британия, Германия ва Италияда эса иссиқлик туфайли содир бўлган ўлим ҳолатлари нисбатан пастроқ даражада бўлди.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойининг сўнгги ҳафталарида Ғарбий Европа мамлакатларида ҳаво ҳарорати 40 даражадан ошиб кетди. Коперник Европа Ер обсерваториясининг расмий ҳисоботига кўра, ушбу июнь ойи сайёра тарихидаги барча кузатув рекордларини янгилаб, ўртача ер юзаси ҳарорати 20,74 даража Цельсийни ташкил этган ҳолда энг иссиқ ой сифатида тарихга кирди.
Ф.Яхшибоева, ЎзА