Европада газ нархи кескин пасайди
“Anadolu ajansı” хабар беришича, АҚШ ва Эрон Яқин Шарқда вақтинча ўт очишни тўхтатишга келишгач, Европада газ нархи 17,5 фоиз арзонлашди ва бугун 43,9 еврога баҳоланди. Кўҳна қитъада энг йирик савдо ҳажмига эга Нидерландиядаги виртуал табиий газ савдо нуқтаси – TTF мажмуасида май ойи учун фьючерс газ шартномаси қиймати кеча 53,2 евро эди.
Бу воқеа АҚШ Президенти Дональд Трамп Ҳурмуз бўғози тўлиқ очилиши шарти асосида Эрондан 2 ҳафталик ўзаро ўт очишни тўхтатишга розилик олганини эълон қилиши ортидан юз берди.
Экспертлар Ҳурмуз бўғози очилиб, нарх пасайиши кузатилган эса-да, йўлакдан савдо оқими қисқа муддатда тўлиқ тикланишига ишонмаяпти.
АҚШ ва Исроилнинг Эронга ҳужуми ҳамда Ислом Республикасининг жавоб чоралари ортидан Кўрфаз мамлакатлари – Қатар ва Бирлашган Араб Амирликлари газ ишлаб чиқаришни вақтинча тўхтатган.
Йилига 80 миллион тонна суюлтирилган табиий газ ишлаб чиқарадиган Қатар глобал LNG бозоридаги муҳим тижоратчи бўлиб, Европа учун ҳам асосий таъминотчилардан саналади.
Н.Кайимова, ЎзА