Европа Иттифоқи билан ҳамкорликда кадрлар тайёрлаш кучайтирилади
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида Европа Иттифоқининг Таълим жамғармаси (ETF) билан ҳамкорликда амалга оширилаётган DARYA лойиҳаси доирасида учрашув ташкил этилди.
Унда меҳнат бозорини ривожлантириш, замонавий кўникмаларни шакллантириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш масалалари муҳокама қилинди.

Томонлар амалга оширилган ишлар сарҳисобини чиқариб, 2026 йил учун устувор вазифалар ва ҳамкорликнинг янги истиқболларини муҳокама қилди. Мулоқот давомида меҳнат бозоридаги ўзгаришлар, кадрлар тайёрлаш тизимини замонавий талабларга мослаштириш ва аҳоли бандлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувда қатор устувор йўналишлар белгиланди. Компетенцияларни ривожлантириш тизимини такомиллаштириш, малака баҳолаш тизимини модернизация қилиш, халқаро тажрибани жорий этиш, меҳнат бозори талабларига мос кадрлар тайёрлаш, аҳоли бандлигини таъминлаш каби йўналишлар шулар жумласидан.

Шунингдек, учрашувда меҳнат бозори мониторингини такомиллаштириш, тадқиқот методологиясини янгилаш ҳамда меҳнат бозори ривожини прогноз қилиш тизимини ривожлантириш бўйича таклифлар ҳам илгари сурилди.
Мазкур ҳамкорлик меҳнат бозорида рақобатбардош кадрлар тайёрлаш, аҳоли бандлигини ошириш ва иқтисодиёт тармоқларини малакали мутахассислар билан таъминлашда муҳим аҳамият касб этади.
Ш.Маматуропова, ЎзА