Етти пир — етти маънавий хазина
Баъзи манзиллар борки, уларга оддий сайёҳ сифатида кириб бориб бўлмайди. У ерга инсон аввало қалби билан қадам қўяди. Зиёратгоҳлардаги сукут, асрлардан сўзловчи меъморий обидалар, аждодлардан қолган маънавий мерос ва инсонни эзгуликка чорловчи ўгитлар ҳар қандай меҳмонни ўйга толдиради.
Бухоро ана шундай муқаддас заминлардан биридир. Асрлар давомида илм-фан, маърифат, тасаввуф ва ислом цивилизациясининг йирик марказларидан бири бўлиб келган бу замин бугун ҳам дунё аҳлини ўзига чорламоқда. Айниқса, зиёрат туризмини ривожлантириш, буюк аждодларимиз илмий-маънавий меросини халқаро миқёсда кенг тарғиб этиш борасида амалга оширилаётган ишлар Бухоронинг сайёҳлик салоҳиятини янги босқичга олиб чиқмоқда.
Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Ўзбекистонда муқаддас қадамжоларни ободонлаштириш, зиёратчилар учун замонавий шароитлар яратиш, юртимизнинг ислом цивилизациясидаги беқиёс ўрнини дунёга кенг намойиш этишга алоҳида эътибор берилмоқда. Бухородаги Баҳоуддин Нақшбанд мажмуасига юксак эътибор қаратилаётгани, хорижий давлат раҳбарлари ва делегацияларининг бу қадамжоларни зиёрат қилиши ҳам бугунги жараённинг халқаро аҳамияти тобора ортиб бораётганини кўрсатади. Ана шу эзгу ишлар давомида Бухоро яна бир нуфузли халқаро тадбирга мезбонлик қилмоқда.
Жорий йилнинг 17–23 сентябрь кунлари Жаҳон сўфийлар маркази ташаббуси билан Бухорода “VI International Naqshbandi Tourism Festival 2026” — VI Нақшбандий халқаро туризм фестивали ўтказилмоқда. Унинг доирасида эса Малайзия, Индонезия, Россия, АҚШ, Бангладеш ва Покистон каби давлатлардан келган меҳмонлар Бухоронинг тарихий-маданий ва зиёрат туризми салоҳияти билан танишмоқда. Тадбирнинг муҳим жиҳатларидан бири — хорижлик меҳмонларга Бухорони фақат тарихий шаҳар сифатида эмас, балки юксак маънавий мерос, илм-фан ва тасаввуф анъаналари мужассам бўлган муқаддас маскан сифатида намоён этишдир.


Фестиваль доирасида ўтказилган халқаро илмий-амалий анжуманда ҳам Нақшбандийлик анъанасининг тинчлик, бағрикенглик ва ўзаро англашувни мустаҳкамлашдаги ўрни муҳокама қилинди. Бу эса фестиваль туризм тадбири доирасидан ошиб, илмий ва маърифий мулоқот майдонига айланаётганини кўрсатади.
Фестиваль меҳмонлари учун Бухоронинг энг машҳур зиёрат йўналишларидан бири — “Етти пир” бўйлаб саёҳат ташкил этилди.
Хорижлик меҳмонлар дастлаб Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Муҳаммад Ориф ар-Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий ҳамда Хожа Муҳаммад Бобо Самосий, Хожа Саййид Амир Кулол зиёратгоҳларида бўлди. Ҳар бир зиёратгоҳда меҳмонларга улуғ алломаларнинг ҳаёт йўли, диний-маърифий фаолияти, инсон камолоти ва руҳий тарбиясига қўшган улкан ҳиссаси ҳақида маълумотлар берилди. Бу ерда меҳмонлар учун энг катта кашфиёт — тарихнинг қуруқ рақамлар ёки саналардан иборат эмаслигини ҳис қилиш бўлса ажаб эмас. Зеро, бу қадамжоларнинг ҳар бирида асрлар давомида шаклланган маънавий тажриба, инсонни эзгуликка, ҳалолликка, камтарликка ва илмга чорловчи ғоялар мужассам.
Саёҳатнинг энг таъсирчан манзилларидан бири, шубҳасиз, буюк мутасаввиф Хожа Баҳоуддин Нақшбанд зиёратгоҳидир.
Нақшбандия тариқати асосчиси сифатида танилган Баҳоуддин Нақшбанд номи асрлар давомида нафақат Мовароуннаҳр, балки бутун ислом олами маънавий ҳаётида алоҳида ўрин тутиб келган. Бугун ушбу қадамжо мажмуа, мақбара, хонақоҳ, масжидлар, дахма ва сўфийлик тарихи музейини ўз ичига олган йирик зиёрат маскани сифатида намоён бўлмоқда.


Хорижлик меҳмонларнинг бу ерда зиёрат амалларини адо этиши эса бир ҳақиқатни яна бир бор намоён этмоқда: маънавий мероснинг тили ва миллати бўлмайди. Инсон қалбига йўл топадиган эзгу ғоялар чегара билмайди.
“Етти пир” зиёрат йўналиши ўзининг бетакрорлиги билан ажралиб туради. Унда бир неча асрлар давомида яшаб, илм-маърифат ва тасаввуф тараққиётига улкан ҳисса қўшган алломалар ҳаёти ва мероси бир йўналишда мужассам.
Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийдан бошланиб, Хожа Ориф Ревгарий, Хожа Маҳмуд Анжир Фағнавий, Хожа Али Ромитаний, Хожа Муҳаммад Бобо Самосий, Хожа Саййид Амир Кулол ва Хожа Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк сиймолар меросига туташадиган бу зиёрат йўли Бухоронинг энг муҳим маънавий-туристик брендларидан бирига айланиб бормоқда.
Бугун зиёрат туризмига фақат сайёҳликнинг бир йўналиши сифатида қараш камлик қилади. Бу — тарихни ўрганиш, маънавий меросни англаш, халқлар ўртасида маданий мулоқотни кучайтириш, янги дўстлик кўприкларини барпо этиш имкониятидир. Айни вақтда зиёрат туризмининг ривожланиши маҳаллий аҳоли учун янги иқтисодий имкониятлар ҳам яратади. Меҳмонхона ва оилавий меҳмон уйлари, транспорт, умумий овқатланиш, ҳунармандчилик, гидлик, савдо ва бошқа хизматлар ривожланиши натижасида аҳоли даромадлари ортиши учун шароит кенгаяди. Шу маънода ҳар бир хорижлик меҳмоннинг Бухорога ташрифи — тарихимизни дунёга танитиш билан бирга, ҳудуд иқтисодиёти учун ҳам янги имконият демакдир.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан Ўзбекистонда тарихий ва муқаддас қадамжоларни асраб-авайлаш, уларни обод қилиш ва дунёга танитиш борасидаги ишлар изчил давом этмоқда. Бухорода ҳам тарихий меросни замонавий туризм инфратузилмаси билан уйғунлаштиришга алоҳида эътибор берилмоқда.
Давлат раҳбарининг 2026 йил август ойида Баҳоуддин Нақшбанд мақбарасини зиёрат қилгани ҳам ушбу қадамжонинг миллий ва халқаро маънавий ҳаётимиздаги юксак ўрнини яна бир бор намоён этди. Энг муҳими, бугун Бухорога келаётган хорижлик меҳмонлар аждодларимиз қолдирган меросни ўз кўзи билан кўриб, унинг мазмун-моҳиятини бевосита ҳис қилмоқда.
“Етти пир” йўли — шунчаки зиёратгоҳларни бирлаштирган туристик йўналиш эмас. У — асрлар оша бизга етиб келаётган маънавий садо. Бу садо инсонни илмга, эзгуликка, бағрикенгликка, меҳнатга ва покликка чорлайди. Бугун уни Малайзия, Индонезия, Россия, АҚШ, Бангладеш ва Покистондан келган меҳмонлар ҳам эшитмоқда.
Шу боис Бухорода ўтаётган Нақшбандий халқаро туризм фестивалини оддий сайёҳлик тадбири деб баҳолаб бўлмайди. У — Бухоронинг дунё билан маънавий мулоқоти, аждодлар меросининг янги авлодлар ва янги мамлакатларга қайта танитилиши, турли халқларни эзгулик ва маърифат атрофида бирлаштирувчи муҳим майдондир. Зеро, тарихий обидаларни кўриш мумкин. Аммо уларда мужассам маънавиятни ҳис қилиш — инсон қалбида қоладиган таассуротдир.
Бугун “Етти пир” йўлларида қадам ташлаётган хорижлик меҳмонлар Бухоронинг тарихинигина эмас, унинг қалбини ҳам кашф этмоқда. Бухоронинг энг катта бойлиги эса ана шу — асрлар ўтса-да, инсонни эзгуликка чорлашдан тўхтамайдиган маънавий хазинасидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири