«Етти кичик арка» — мовий сувлар ва шаршаралар маскани
Хитойнинг Гуйчжоу провинцияси жанубидаги Либо уездида жойлашган Сяоцикун табиат маскани мовий сувлари, шаршаралари ва қуюқ ўрмонлари билан сайёҳларни ўзига жалб этади. «Етти кичик арка» номи билан машҳур ушбу ҳудуд тоғлар бағридаги бетакрор манзаралари, карст релъефи ва бой ўсимлик дунёси билан ажралиб туради.
Масканнинг номи XIX асрда қурилган етти аркали тош кўприк билан боғлиқ. Бир вақтлар Либо ва қўшни Гуанси ҳудудлари ўртасидаги йўлда хизмат қилган ушбу кўприк бугун Сяоцикуннинг асосий рамзларидан бири ҳисобланади.
Сяоцикун ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган «Жанубий Хитой карсти» табиий ҳудудининг бир қисми саналади. Либо ландшафтлари ноёб карст шакллари ва яхши сақланган ўрмон экотизимлари билан ажралиб туради. 2007 йилда «Жанубий Хитой карсти» Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.
Ҳудудда Волунтан сув ҳавзаси, Лая ва Цуйгу шаршаралари, Юанъян кўли каби кўплаб табиий масканлар мавжуд. Айниқса, мовий суви ва кенг ёйсимон шаршараси билан Волунтан, шунингдек, яшил оролчалар ва тор сув йўллари уйғунлашган Юанъян кўли сайёҳларда катта қизиқиш уйғотади.
«Сувли ўрмон»да сойлар дарахтлар ва қоялар орасидан оқиб ўтади. «Тошлар устидаги ўрмон»да эса дарахтлар оҳактош қоялар орасида ўсиб, илдизлари билан тош ёриқларига маҳкам ўрнашган. Мажмуа ҳудудида сталактит ва сталагмитлари билан ажралиб турувчи Тяньчжун карст ғори ҳам бор.
Сайёҳлар учун ҳудуд бўйлаб автобуслар қатнови йўлга қўйилган. Белгиланган бекатларда тушиб, табиат манзараларини томоша қилиш, кейинги автобусда ҳаракатни давом эттириш ёки пиёда сайр қилиш мумкин. Кўлда қайиқда сайр қилиш имконияти ҳам мавжуд.
Сентябрь ойининг охирида ҳам Сяоцикун табиати яшил тусини сақлаб, ўзининг бетакрор манзаралари билан кишини мафтун этади. Ям-яшил ўрмонлар, мовий сувлар ва шаршараларнинг оппоқ оқими ўзаро уйғунлашиб, жозибали манзара ҳосил қилади. Сўқмоқлар бўйлаб сайр қилганда ранг-баранг капалакларни ҳам учратиш мумкин.
Шаршараларнинг айримлари сайр йўлакларига яқин жойлашган. Сувнинг салқин зарралари сайёҳларгача етиб келади, айрим йўлаклар эса шаршара оқимига яқин ҳудудлардан ўтади. Бу табиатни яқиндан ҳис қилиш имконини беради.
[gallery-31844]
Масканда сув тошлар ва дарахтлар орасидан 68 поғона ҳосил қилиб пастга тушадиган каскад ҳам бор. Сайёҳлик йўналиши қулай йўлаклар ва дам олиш жойлари билан жиҳозланган. Ҳудудда сайрни янада қулай ташкил этиш учун турли хизматлар ҳам йўлга қўйилган.
Сяоцикуннинг ўзига хослиги йирик табиий манзаралардагина эмас, балки унинг майда тафсилотларида ҳам намоён бўлади. Шаршаранинг салқин зарралари, сувда акс этган дарахтлар, ранг-баранг капалаклар ва ўрмон орасидан оқиб ўтувчи сойлар бу масканга алоҳида жозиба бағишлайди.
«Етти кичик арка» Хитойнинг табиий бойликлари, ноёб ландшафтлари ва экологик туризм салоҳиятини намоён этувчи манзиллардан биридир.
Муқимжон ҚОДИРОВ (сурат), ЎзА