Этнотуризм қишлоғида сумалак сайли
Бухоро вилояти Вобкент туманидаги “Ширин” этнотуризм қишлоғида "Сумалак сайли" шиори остида маданий тадбирлар ташкил этилди.
Мазкур тадбир давомида баҳор фаслида қишлоқларда амалга ошириладиган деҳқончиликлинг қадимий кўринишлари яъни "Ҳашар", "Ер ҳайда", "Кўкка етдик" каби унитилиб бораётган қадриятларимиз фольклор жамоалар томонидан ижро этилди.
Саховатпеша ва аҳил қишлоқ аёллари ҳаётини янада ёрқинроқ ифода этиш мақсадида баҳор таомларидан "Сумалак" тайёрланди. Бетоб бщлиб ётганлар, ногиронлиги бўлган фуқаролар ҳамда қишлоқнинг нуронийлари хонадонига борилиб уларнинг ҳолидан хабар олинди.

Тандир ва ўчоқларда миллий таомлар, ширинлик, пишириқлар тайёрланди. "Этнотуризм" ўзининг табиийлиги ва мавсумларнинг ўзига хос ноанъанавий кўринишлари билан бутун дунёдан ташриф буюрувчи ҳорижий ва маҳаллий сайёҳларни бефарқ қолдирмайди.
Тадбирда мазкур қишлоқда туғилиб ўсган, ҳозирги кунда давлатимизнинг турли соҳаларида ўзининг салмоқли меҳнати билан кенг жамоатчиликка ўрнак бўлиб келаётган, содда тил билан айтганда "Қишлоқнинг азиз фарзандлари" таклиф этилди. Хусусан, Бухоро давлат университети, немис-тили ва француз тиллари кафедраси доценти, филология фанлари номзоди Рамазон Бобокалоновнинг қишлоқни узоқ тарихи баён этилган, меҳмондўст "Ширин" аҳлининг содда, самимий ва хушчақчак фазилатларини ифодаловчи муаллифлик китоблари Республика ва вилоятнинг ҳамкор ташкилотларидан ташриф буюрган меҳмонларга ҳадя қилинди.

– Бухоро вилояти Вобкент тумани Ширин қишлоғи қадимги Зарафшон дарёси ўзанида жойлашган бўлиб тахминан 2500 йиллик тарихга эга, – дейди Вобкент тумани Туризм ва спорт бўлими туризм мутахассиси Райҳон Холиқова. – Қишлоқ аҳолиси деҳқончилик, ҳунармандчилик ва савдо-сотиқ билан шуғулланиб келган. Ширин қишлоғида бир қатор маданий мерос объектлари ва миллий урф одатлар ҳозирги кунга қадар сақланиб келинмоқда. Қишлоқда шўрданак билан бирга қуруқ мевалар, миллий ширинликлар, полиз экинлари ва ҳунармандчилик маҳсулотларини тайёрлаш авлоддан-авлодга ўтиб келаётган мерос саналади. Шу билан бирга қишлоқ аёллари ушбу маҳсулотларни тайёрлашда ҳар бир кўчадан битта хонадонга йиғилишиб қадимги урф одатлар, миллий куй қўшиқларни ижро этиш, лапархонлик, қадимги ривоятлар, ва қадимги анъаналарни ижро этиб меҳнат қилишни одатга айлантирган.

Шу билан бирга қишлоқда туризмни ривожлантириш ҳамда сайёҳлар учун қишлоқ ҳаётини кўрсатиб бериш мақсадида бир қатор шароитлар мавжуд бўлиб ҳозирги кунда этник қишлоқ туризм кластерини ташкил этиш бўйича бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, қадимий Зарафшон дарёси ўзанида туризм маскани, шўрданак ва нишолда тайёрлаш маҳорат дарслари, қадимги таомларни тайёрлаш, қишлоқ тандирларида нон ёпиш, асал тортиш жараёнлари, қадимий тош тегирмонда ярма тайёрлаш ва ҳалим пишириш, қадимги урф одатлар намойиши, миллий ҳунармандчилик хонадонлари ва шунга ўхшаш кўплаб намойиш турлари ташкил этилмоқда.
Зариф Комилов,
ЎзА