Етарли захира жамғарилмоқда
Қашқадарё вилоятида ноябрь ойининг охирига қадар 17 минг 660 тонна картошка, 11 минг 557 тонна пиёз, 8 минг 664 тонна сабзи, 3 минг 882 тонна карам, 8 минг 143 тонна мева, 4 минг 762 тонна полиз маҳсулотлари, 4 минг 775 тонна гуруч, 1 минг 917 тонна дуккакли дон захирасини яратиш режалаштирилган.
Қашқадарё вилоятида ноябрь ойининг охирига қадар 17 минг 660 тонна картошка, 11 минг 557 тонна пиёз, 8 минг 664 тонна сабзи, 3 минг 882 тонна карам, 8 минг 143 тонна мева, 4 минг 762 тонна полиз маҳсулотлари, 4 минг 775 тонна гуруч, 1 минг 917 тонна дуккакли дон захирасини яратиш режалаштирилган.– Айни пайтга қадар 40 минг тоннадан ортиқ қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирага жамғарилди, – дейди Қашқадарё вилояти иқтисодиёт бош бошқармаси қишлоқ хўжалиги бўлими бошлиғи Наврўз Ҳакимов. – Ушбу муҳим тайёргарлик жараёнига вилоятдаги йирик корхона ва ташкилотлар, агрофирмалар, савдо базалари, бозорлар, ижтимоий соҳа ташкилотлари жалб этилган. Китоб, Яккабоғ, Шаҳрисабз ва Қамаши туманларида белгиланган захира режаси 85-90 фоизга уддаланди.
Вилоятда қиш ва баҳор ойлари учун 8 минг 800 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жамғариш ва сақлаш “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмасининг ҳудудий савдо базалари зиммасига юкланган. Мавжуд 4 шундай корхонанинг совутиш камераларида бугунга қадар 5 минг тоннадан ортиқ маҳсулот жамғарилган.
Буни “Ўзулгуржисавдоинвест” уюшмаси “Қашқадарётижоратсавдо” масъулияти чекланган жамияти ихтисослашган улгуржи ҳудудий базаси мисолида ҳам кўриш мумкин. Улгуржи база омборхоналарида Германиядан келтирилган ускуналар ёрдамида 3 минг тоннагача мева-сабзавотни куз-қиш мавсумида сақлаш имконияти яратилган.
– Ҳар йилгидек бу йил ҳам қиш-баҳор мавсуми учун захира жамғариш ишларига алоҳида эътибор қаратмоқдамиз, – дейди мазкур улгуржи ҳудудий база раҳбари Неъмат Аҳмедов. – Айни пайтда 2,5 минг тоннага яқин қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари жамғарилди. Маҳсулотларни фермерлардан шартнома асосида сотиб оляпмиз. Жорий йилда 800 тонна картошка, 1 минг 100 тонна пиёз, 200 тонна сабзи, 950 тонна мева, 250 тонна гуруч ғамлашни мўлжаллаганмиз.
Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари захирасини яратиш қиш фаслида ҳам бозорлар ва дастурхонимиз тўкинлигини таъминлашга хизмат қилади.