Эрта текширув аёллар умрини узайтиради
Ўсма касалликлар бутун дунёдаги каби Ўзбекистонда ҳам саломатликни муҳофаза қилиш тизими учун энг жиддий муаммолардан бири ҳисобланади. Аёллар орасида кўкрак бези сартони, бачадон бўйни сартони ва тухумдон сартони энг кўп учрайдиган турлар қаторига киради. Эрта аниқланган ҳолларда бу касалликларни муваффақиятли даволаш имконияти бир неча баробар ошади, чунки улар дастлабки босқичда кўпинча симптомсиз кечади ва фақат шифокор кўриги орқали аниқланади. Шу боис, мунтазам скрининг текширувларидан ўтиш муҳим аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2024 йил 22 ноябрдаги “Аёллар орасида онкологик касалликларни назорат қилиш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги қарори аёллар саломатлигини муҳофаза қилишда янги босқич очди. Унга кўра, 30–65 ёшдаги аёллар орасида бачадон бўйни ва кўкрак бези сартонини эрта аниқлаш учун тизимли скрининг йўлга қўйилди.
Энди ҳар бир аёл давлат назорати ва тиббий кўригида бўлади. Бирламчи тиббий бўғинда улар учун электрон база шакллантирилиб, мунтазам тиббий кўрикка чақириш тизими йўлга қўйилди. Шу билан, аёллар ўз саломатлигини вақтида назорат қила олади ва эҳтиёж бўлса, тезда даволаниш мумкин.
Қарор доирасида 30–50 ёшдаги аёлларда бачадон бўйни сартони скрининги одам папиллома вирусини аниқлаш учун PCR усули ва суюқ цитология (ЛЦТ) орқали амалга оширилади. Шу билан бирга, 30–65 ёшдаги аёллар учун икки йилда бир марта кўкрак бези сартони скрининги ташкил этилади: 45 ёшгача бўлганлар ультратовуш орқали текширилади, 45–65 ёшдагилар эса маммографиядан фойдаланади.
Агар скрининг натижаси мусбат бўлса, ташхис ва даволаш харажатлари тўлиқ давлат томонидан қопланади. Бу аёллар учун нафақат саломатлик кафолати, балки онкологик касалликларнинг олдини олишда ҳам энг самарали восита ҳисобланади.
Ушбу қарор Ўзбекистонда бачадон бўйни ва кўкрак бези сартонини эрта аниқлаш, скринингни самарали ташкил этиш ва замонавий диагностика усулларини кенг жорий этишни таъминлайди. Шу билан бирга, аёллар учун онкологик касалликларнинг олдини олиш ва даволаш тизимини халқаро стандартларга мувофиқ такомиллаштириш чоралари ҳам назарда тутилган.
Бугунги кунда Сирдарё вилоятида ҳам давлат дастури асосида 30, 40 ва 50 ёшдаги аёллар орасида бачадон бўйни сартони олди касалликлари скрининги — суюқ цитологик текширув (ЛЦТ) ва одам папиллома вируси (ОПВ) PCR орқали даволаш самарали йўлга қўйилган. Скрининг натижаси мусбат чиққан аёллар оилавий поликлиника онкохоналарида рўйхатга олинади ва даволаш учун кольпоскопист‑гинекологга йўналтирилади.
Хулоса қилиб айтганда, давлат раҳбарининг мазкур қарори аёллар саломатлигига қаратилган юксак эътиборнинг яна бир исботидир. Скрининг текширувларига мунтазам қатнашиш ҳар бир аёл учун жуда муҳимдир. Мен ҳар бир аёлни соғлиғига масъулият билан ёндашиб, вақтида текширувдан ўтишга чақириб қоламан.
Юлдузхон Эшонқулова,
Республика ихтисослаштирилган она ва бола саломатлиги илмий-амалий тиббиёт марказининг Сирдарё филиали клиника диагностик лаборатория бўлими лаборанти.
ЎзА