Эронда асосий қарорларни ким қабул қиляпти?
АҚШ ва Исроил билан икки ойлик уруш Эронда ҳокимият тарозисини тубдан ўзгартирди. Олий етакчилик йўқолиши ва марказлашган бошқарув заифлашиши ортидан энди мамлакатни ҳарбий доиралар бошқармоқда. Бу қандай оқибатга олиб келади?
Уруш туфайли жиддий ўзгарган Эрон сиёсий тизимида илгари барча муҳим қарорлар ягона раҳбар – Олий етакчи томонидан қабул қилинган бўлса, ҳозир бундай марказлашган бошқарув анча сусайган. “Reuters” ёзишича, Оятуллоҳ Али Ҳумонаий урушнинг илк кунида ҳалок бўлиши мамлакат бошқарувида янги босқични бошлаб берди. Унинг ўрнига ўғли Мужтоба Ҳумонаий юқори лавозимга кўтарилган бўлса-да, у ҳозирча мустақил қарор қабул қилувчи эмас, балки асосан ҳарбий ва хавфсизлик доиралари томонидан тайёрланган қарорларни тасдиқловчи шахс сифатида кўрилмоқда.
Ҳозир асосий таъсир кучи Эрон Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси (IRGC) қўлига ўтган. Энди ушбу тузилма нафақат ҳарбий стратегия, балки сиёсий қарорларни белгилашда ҳам етакчи. Қарорлар Миллий хавфсизлик кенгаши, Олий раҳбар маъмурияти ва IRGC вакилларидан иборат тор доирада қабул қилинмоқда. Таҳлилчилар мамлакат ичида жиддий ихтилоф кузатилмаётганига эътибор қаратган. Аксинча, қатъий қарашга эга ягона куч маркази шаклланган. Шу боис Эрон ва АҚШ музокарасига ёндашув янада кескинлашган.
Дипломатик мулоқотда Эрон номидан ташқи ишлар вазири Аббос Арағчий иштирок этмоқда. Сўнгги вақтда унга парламент етакчиси Муҳаммад Боқир Ғолибоф ҳам қўшилди. У сиёсий, ҳарбий ва диний етакчилар орасида муҳим боғловчи сифатида намоён бўлмоқда. Амалий жараёнда эса асосий ишни IRGC қўмондони Аҳмад Воҳидий бажараётгани айтилмоқда. Айниқса, ўт очишни тўхтатиш келишуви эълон қилинган пайт у марказий шахс сифатида майдонга чиққан.
Манбаларга кўра, Мужтоба Ҳумонаий уруш бошидаги ҳужумда оғир яраланган ва ҳозирча жамоат олдида кўринмаяпти. У хавфсизлик сабаб мулоқотга асосан воситачилар ёки аудио алоқа орқали қўшилмоқда. Умуман, Эрон бошқарув тизими анъанавий ягона раҳбарлик моделидан ҳарбий доиралар устун бўлган жамоавий бошқарувга ўтаётгани кузатилмоқда.
Ф.Яхшибоева, ЎзА