Эрон тўрт ой кутди
Эрон Ислом Республикаси ўз тарихидаги энг йирик давлат маросимларидан бирига тайёргарлик кўрмоқда. Мамлакатни қарийб қирқ йил бошқарган Оятуллоҳ Али Ҳумонаий вафотидан сўнг тўрт ой давомида кечиктирилган дафн маросими бошланиши кутиляпти. Расмий маълумотга кўра, хайрлашув тадбири олти кун давом этади ва Эрон ҳамда Ироқнинг бир неча шаҳрини қамраб олади.
Маросим Теҳрондаги “Мусалла” мажмуасидан бошланади. Мусалла – давлат даражасидаги диний тадбирлар ва оммавий ибодат ўтказиладиган йирик майдон. Асосий юриш шаҳар марказидан Озодлик майдонигача қарийб ўн километр бўйлаб ташкил этилади. Теҳрон ҳокимияти 20 миллионга яқин одам йиғилиши мумкинлигини билдирган. Агар бу рақам тасдиқланса, мамлакат тарихидаги энг йирик оммавий йиғилишга айланади.
Шундан кейин мотам тадбирлари Кум шаҳрига кўчади. Бу шаҳар шиа исломининг муҳим илмий маркази ҳисобланади. Дастурга кўра, Фотима Маъсума мақбараси ва Жомкарон масжидида махсус маросим ўтказилади. Кейин жасад Ироқнинг Нажоф ва Карбало шаҳарларига олиб борилади. Мусулмонлар учун муқаддас ҳисобланган бу икки шаҳарда ҳазрат Али ва ҳазрат Ҳусайн мақбаралари жойлашган.
Хайрлашувнинг якуний нуқтаси – Машҳад. Ҳумонаий айнан шу манзилда туғилган ва бу шаҳар Эроннинг энг муқаддас зиёратгоҳларидан бири саналади. Масалан, Имом Ризо мақбарасига ҳар йили миллионлаб мусулмон келади. Расмийлар дафн маросимида 8-10 миллион киши йиғилишини тахмин қиляпти. Шу боис йўллар, таълим муассасалари, спорт иншоотлари ва масжидлар вақтинча меҳмонларни қабул қилиш масканига айлантирилмоқда.

Бу улкан маросим сиёсий жиҳатдан ҳам беқиёс аҳамият касб этади. Айни пайт Теҳрон ва Вашингтон ўртасида ядровий дастур, иқтисодий санкция ҳамда Ҳурмуз бўғози билан боғлиқ масала бўйича музокара давом этяпти. Эрон раҳбарияти миллионлаб одам иштирок этадиган тадбир хавфсиз ўтишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Кузатувчилар фикрича, тадбир нафақат бир сиёсий арбоб билан хайрлашув, балки мамлакатнинг янги босқичга ўтаётганини намоён этувчи рамзий воқеа сифатида ҳам тарихда қолиши мумкин.
Мусулмон Зиё, ЎзА