Эрон АҚШдаги оралиқ сайловни қандай изоҳламоқда?
Эрон режими АҚШдаги оралиқ сайлов Вашингтоннинг Теҳронга нисбатан сиёсатини ўзгартирмаслигини таъкидлаётган бир пайт, баъзи расмийлар ва шарҳловчилар демократларнинг шов-шувли ғалабасини Эрон билан урушга жавоб зарбаси сифатида кўряпти.
Германиянинг DW ахборот агентлиги ёзишича, Ислом Республикаси раҳбарияти республикачилар муваффақиятсизлиги аҳамиятини паст баҳолаб, демократлар Конгрессни эгаллаши Вашингтоннинг Теҳронга нисбатан сиёсатини ўзгартириши даргумонлигига урғу берган.
– Агар Америка ён бериши ёки ўз сиёсий тизимидаги партиявий ўзгариш орқали Эрон халқига нисбатан душманлик муносабатидан воз кечишига ишонадиганлар қолган бўлса, улар қаттиқ адашади, – деган Олий раҳбар Мужтоба Ҳумонаий овоз беришдан сўнг.
У Теҳрон АҚШнинг келажакдаги ҳар қандай ҳарбий ҳаракатига кескин жавоб берилишидан ҳам огоҳлантирган.
Сайлов Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги бир неча ойлик ҳарбий қарама-қаршиликдан сўнг бўлиб ўтди. Бу зиддият глобал энергия бозорида жиддий узилишга олиб келган, кенг кўламли минтақавий можаро хавотирини юзага келтирган.
Теҳрон АҚШдаги сиёсий ўзгаришга қарамай, ўз йўналишини ўзгартирмаслиги эҳтимоли юқори.
Эронлик журналист ва ислоҳотчи Муҳаммад Содиқ Жаводий Ҳисор айтишича, сайлов натижаси мамлакат сиёсатига таъсир кўрсатиши даргумон.
– Эрон республикачилар кўпчиликни йўқотгани учун қарашини ўзгартирмайди, – деган у DW нашрига берган интервьюсида.
Жаводийнинг сўзларига кўра, можарони тўхтатиш бўйича қарор охир-оқибат Вашингтонда қабул қилинади. Теҳрон АҚШ денгиз қамалини бекор қилиши каби аввалги тинчлик талабларини илгари суришда давом этиши кутиляпти.
А.Маматов, ЎзА