Эрон-АҚШ урушини тугатиш Покистоннинг геосиёсий мавқеини оширадими?
“The Diplomat” нашри ёзишича, Покистон воситачилик қилаётган АҚШ – Эрон можароси бартараф этилиши Исломободнинг геосиёсий мавқеини сезиларли даражада ўзгартириши, мамлакатга янги иқтисодий имкониятлар эшигини очиши мумкин.
Таъкидланишича, жараён ҳали беқарорлигига қарамай, Покистон ўз воситачилиги АҚШ ва Эрон билан алоқани мустаҳкамлаш, инвестицияни кўпайтириш, Эрон – Покистон газ қувури ва энергетика соҳасидаги ҳамкорлик кўламини кенгайтириш каби йирик инфратузилма лойиҳаларини тезлаштиришига умид қилмоқда.
Муаллифлар муваффақиятли ечим Покистоннинг Ғарбий Осиёдаги стратегик аҳамиятини ошириши ҳамда энергетика ва хавфсизлик билан боғлиқ таъсирини кучайтиришини тахмин қиляпти. Шу билан бирга, мутахассислар Исломобод ички ислоҳотларни амалга ошириб, иқтисодиётини мустаҳкамласагина, эҳтимолий тинчлик шартномасидан фойда кўриши мумкинлигини ҳам таъкидламоқда.
Таҳлилчилар фикрича, ташқи сиёсатдаги жиддий ютуқларга қарамай, Покистон ўз ички таркибий муаммоларини ҳам ҳал қилиши керак. Тарихан мамлакат тез-тез дуч келадиган муҳим дипломатик ютуқлар барқарор ички ислоҳотлар билан бирга келмаган вазиятлар узоқ муддатли таъсир кучини чеклайди.
С.Раҳимов, ЎзА