Ерларнинг мелиоратив ҳолати яхшиланмоқда
Бухоро вилояти гидрогеология ва мелиоратив экспедицияси маълумотларига кўра, бугунга келиб вилоятда 7 минг 813 километр узунликдаги коллектор ва дренаж тармоқларидан фойдаланилмоқда. Улар воситасида сизот ҳамда зах сувларини қочириш, экин ерлари мелиоратив ҳолатини яхшилаш, қолаверса, бино-иншоотларни талаб даражасида сақлаш, тупроқ шўрланиши ва бошқа зарарли омилларнинг олдини олишга доир қазиш-тозалаш, таъмирлаш ишлари тизимли равишда олиб борилмоқда.
Ромитан туманидаги “Муғиён”, “Чавкар”, “Кўли Палос”, “Северний”, “Муғонча”, “Қўрғон” каби канал ва коллекторларда доимий реконструкция, мавсумий тозалаш ишлари бажарилади. Айни кунда бу мақсадда республика ва маҳаллий бюджет ҳисобидан 20 миллиард 400 миллион сўм ажратилган бўлиб, мазкур канал ва коллекторларда қазиш-тозалаш ишлари ўтказилмоқда, канал қисмининг 21,8 километр қисмини бетонлаштириш чора-тадбири кўрилмоқда.

“Қўрғон” хўжаликлараро канали 1970 йилда қурилган бўлиб, узунлиги 5,4 километрни ташкил қилади. Бу хўжаликлараро канал Ромитан туманнинг экин майдонларини суғоришда ўзининг катта таъсирини кўрсатади. Канал бетонлаштирилган. Лойиҳавий сув ўтказиш қобилияти секундига 1,2 метр кубни ташкил қилади. Каналга боғланган майдон, яъни мазкур иншоотдан суғориладиган экин ери 1 минг гектардан зиёд. “Қўрғон” хўжаликлараро канали тумандаги “Бахтиёрчи”, “Қўрғон”, “Азизон” маҳалла фуқаролар йиғинларидаги аҳоли томорқа ерларини ва ўнга яқин фермер хўжалиги экин майдонларини “оби ҳаёт” билан таъминлашда катта аҳамиятга эга.

Кейинги йилларда тубига лойқа чўкиб кўмилиши ва канал бетонлари тўлиқ яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги сабабли “Қўрғон” хўжаликлараро канали ўзининг нишаблиги ва ўтказувчанлигини йўқотган. Дала-деҳқончилик ишлари мавсумида, парвариш даврида мазкур хўжаликлараро каналдан талаб даражасида фойдаланиш учун у техника ва механизм ёрдамида 3 марта, қўл кучи, ҳашар йўли билан эса икки маротаба тозаланган. Аммо шу кунгача каналда мукаммал реконструкция ишлари амалга оширилмаган.

Шу боисдан, “Қўрғон” канали тўлиқ қувватда ишлаши учун “ПК 0—ПК 5-40” йўналишида, яъни сув йўлининг 5,4 километр қисмида тўлиқ бетонлаштириш ишларини бажариб, каналнинг 12 та гидротехник иншоотини тўлиқ қайта таъмирлаш, каналнинг сув олиш гидроузелида жойлашган 1 та гидротехник иншоотини қайта таъмирлаш ишлари жадал олиб борилмоқда.
Бу лойиҳа туфайли экин ерларига сув таъминотини яхшилаш, аҳоли томорқа майдонлари билан биргаликда фермер хўжаликларининг ҳосилдорлиги ва даромадини ошириш имконияти яратилмоқда. “Қўрғон” каналининг белгиланган қисмини тўлиқ бетонлаштириш ишлари “Учтепа сув махсус пудрат” МЧЖ томонидан сўнгги босқичда амалга оширилмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА