Ер соҳасидаги коррупцион омиллар олди олинади
Ўзбекистон Республикаси Президенти “Ерга оид муносабатларда коррупциявий омилларни бартараф этиш механизмларини янада такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” қарор қабул қилди.
Мазкур қарорга мувофиқ:
а) ер участкаларидан самарали фойдаланиш тизими йўлга қўйиш, ерлар, айниқса, қишлоқ хўжалигига мўлжалланган ерлар талон-торож қилинишининг олди олиш учун соҳага ахборот технологиялари кенг жорий қилинади, рақамлаштириш жараёнлари жадаллаштирилади;
б) ер участкаларини ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда бундай ерларда ноқонуний қурилмалар қуришнинг олдини олиш борасида рақамли технологиялар орқали ягона назорат тизими жорий этилади ҳамда ваколатли идоралар ўртасида ҳамкорлик янада кучайтирилади;
в) ерлардан самарали фойдаланиш, улар ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишининг олдини олиш механизмлари такомиллаштирилади.
Давлат ер назорати Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ҳузуридаги Кадастр агентлиги, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси томонидан амалга оширилади.
"E-YER NAZORAT" автоматлаштирилган ахборот тизимига ер муносабатларига оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги маълумотларни ўз вақтида киритиш ва ҳуқуқбузарликка оид ишларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида маълумотларни жойлаштириш учун Кадастр агентлиги, Олий суд, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги, "Ўзагроинспекция", Экология вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси, Мажбурий ижро бюроси ва уларнинг ҳудудий бўлинмалари ҳамда тегишли маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари масъул ҳисобланади.
Кадастр агентлигининг "E-YER NAZORAT" тизими давлат ер назоратини юритишнинг ягона электрон платформаси ҳисобланади.
2026 йил 1 январь санасидан бошлаб махсус ваколатли давлат органларининг ер қонунчилигига риоя қилмаслик, жумладан, ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш ҳолатларини барвақт аниқлаш, уларга тегишли чоралар кўришга оид вазифа ва функциялари фақатгина "E-YER NAZORAT" тизими орқали амалга оширилади.
Космик суратларни қайта ишлаш ва таҳлил қилиш орқали аниқланган ерга оид қонунбузарлик эҳтимоли юқори бўлган ҳолатлар бўйича маълумотлар "Рақамли ҳукумат" тизими идоралараро интеграциялашув платформаси орқали "E-YER NAZORAT" тизимига юборилади.
"Ўзбеккосмос" агентлиги давлат космик мониторингини амалга ошириш бўйича тасдиқланган лойиҳалар доирасида ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, бундай ерларда ноқонуний қурилмалар қуриш ҳолатларини бир йилда икки маротаба Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан аэрокосмик мониторинг орқали аниқлайди.
Ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш, ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш билан боғлиқ ҳуқуқбузарлик даражасига қараб қуйидагича ҳудудларга бўлинади:
а) "қизил" тоифадаги ҳудуд - ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш эҳтимоли юқори ҳудудлар;
б) "сариқ" тоифадаги ҳудуд - ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш эҳтимоли ўрта ҳудудлар;
в) "яшил" тоифадаги ҳудуд - ер участкаларидан мақсадсиз ва самарасиз фойдаланиш, ерларни ўзбошимчалик билан эгаллаш ҳамда ўзбошимчалик билан бино ва иншоотларни қуриш эҳтимоли паст ҳудудлар.
"Қизил" тоифадаги ҳудудларда махсус дронлардан фойдаланган ҳолда ҳар чоракда камида бир маротаба, "сариқ" тоифадаги ҳудудларда махсус самолёт ёрдамида ҳар олти ойда камида бир маротаба мониторинг кузатувлари олиб борилади.
ЎзА