Ер эгасиз эмас, сўровчилар бор
Президент фармони ижро ва назоратда
Самарқанд вилоятида жорий йил тўққиз ойи давомида ер муносабатлари билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан ўтказилган ўрганишларда 1413 ҳолатда 443 гектар ер майдонлари ўзбошимчалик билан эгаллаб олинганлиги аниқланди.
Давлатимиз раҳбарининг 2021 йил 8 июндаги “Ер муносабатларида тенглик ва шаффофликни таъминлаш, ерга бўлган ҳуқуқларни ишончли ҳимоя қилиш ва уларни бозор активига айлантириш чора-тадбирлари тўғрисида” ги фармони билан 2021 йилнинг август ойидан эътиборан ер ажратиш, ижарага бериш ёки ер билан боғлиқ турли имтиёз ва енгилликларни бериш тизими ўзгарди. Бир қатор янги тартиблар ўрнатилди.
Жумладан, ер тоифасидан қатъи назар барча турдаги ер участкалари ҳамда бино-иншоотларга бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказмаслик ҳолатларини аниқлаш, ер участкаларининг ўзбошимчалик билан эгаллаб олинишига ва чегараларини ўзбошимчалик билан ўзгартиришга йўл қўймаслик чораларини кўриш, ердан мақсадли фойдаланилиши устидан давлат назорати Давлат солиқ қўмитаси ҳузуридаги Кадастр агентлиги томонидан амалга оширилиши белгиланди.
– Ерларни ноқонуний эгаллаб олиш ёки ер билан боғлиқ коррупцион ҳолатларга қарши жиддий курашилаётган, бунинг сабаб ва оқибатлари юзасидан аҳоли ўртасида тушунтириш ишлари олиб борилаётган бўлишига қарамай, ҳали ҳануз қонунга зид ҳолатлар қайд этилмоқда, – дейди Кадастр агентлиги Самарқанд вилояти бошқармаси бошлиғи Фозил Худойқулов. – Биргина жорий йилнинг тўққиз ойида Президент фармони ижроси юзасидан ўтказилган ўрганишларда 443 гектар ер майдонлари, жумладан, 960 ҳолатда 221 гектар ер уй-жой қуриш мақсадида ўзбошимчалик билан эгаллаб олингани аниқланди. Қонун бузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 1413 та огоҳлантириш хатлари юборилди. Натижада 464 ҳолатда 241 гектар ер ихтиёрий равишда қайтарилди.
Белгиланган муддатларда ихтиёрий қайтарилмаган 193 гектар ер бўйича фуқаролик судларига мурожаат қилиниб, ноқонуний қурилмаларни буздириш ва ер майдонларини асл ҳолатига келтириш юзасидан даъво аризалар киритилди. Шунингдек, 189 та ҳолатда 30 гектар майдондаги қонун бузилишлар тўғрисида прокуратура органларига маълумотлар тақдим этилди.
Туман ва шаҳар бўлимларимиз томонидан аниқланган 2214 та қонун бузилиш ҳолатларининг 1300 га яқини Кадастр агентлиги органлари томонидан кўриб чиқилди. 146 та маъмурий иш чора кўриш учун жиноят ишлари бўйича судларга, 181 та ер қонун бузилиш ҳолатлари ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.
Аниқланган қонун бузилиши ҳолатлари бўйича қарийб 14 миллиард сўм жарималар қўлланилган.
Ғ.Ҳасанов, ЎзА