“Энг яхши хорижий тиллар мактаби” аниқланмоқда
Бухоро вилоятида ёшларнинг хорижий тилларни пухта ўзлаштириши, таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш ҳамда замонавий таълим сифатини янада ошириш мақсадида “Хорижий тилларни ўқитиш бўйича энг яхши мактаб” танловининг вилоят босқичи юқори савияда ташкил этилди.
Мазкур нуфузли танловнинг шаҳар ва туман босқичларида ғолибликни қўлга киритган 13 та жамоа иштирок этиб, ўз билим ва интеллектуал салоҳиятини намоён қилди. Беллашувлар иштирокчиларнинг хорижий тилларни қай даражада ўзлаштирганини аниқлашга қаратилган бўлиб, тинглаб тушуниш, матнни англаб ўқиш, ёзма саводхонлик ҳамда лексик-грамматик йўналишларида ўтказилди.
Тест жараёнлари республика бўйлаб ягона мезон ва тартиб асосида ташкил қилиниб, барча ҳудудларда бир вақтда, 11:00 да бошланди ҳамда 2 соат давом этди. Бу эса танловнинг очиқ, холис ва адолатли ўтишини таъминлашда муҳим омил бўлди.
Шунингдек, иштирокчилар учун барча зарур шарт-шароитлар яратилди. Танлов жараёнларининг шаффофлигини таъминлаш мақсадида тест материаллари марказлашган тартибда текширилиши белгиланган бўлиб, натижалар аниқ муддатларда эълон қилиниши режалаштирилган.
Қарорга мувофиқ, вилоят босқичида юқори натижа қайд этган ғолиб жамоалар муносиб рағбатлантирилади. Хусусан, биринчи ўрин соҳибига 250 миллион сўм, иккинчи ўрин учун 200 миллион сўм ҳамда учинчи ўрин ғолибига 150 миллион сўм миқдорида пул мукофоти топширилади.
[gallery-29161]
Бугунги кунда хорижий тилларни билиш ёшлар учун кенг имкониятлар эшигини очмоқда. Айниқса, халқаро таълим, замонавий технологиялар ва глобал меҳнат бозорида рақобатбардош кадр бўлиб етишишда тил билимининг аҳамияти беқиёс. Шу маънода, мазкур танлов нафақат мактаблар ўртасидаги билимлар беллашуви, балки таълим сифати ва ўқитувчилар маҳоратини баҳолашнинг муҳим платформаси сифатида ҳам аҳамият касб этмоқда.
Зариф Комилов, Тоҳиржон Истатов (сурат), ЎзА