Энг тўғри йўл — инсонни оғир пайтда қўллаб-қувватлаш
Инсон тақдири баъзан бир лаҳзада ўзгариб кетади. Аммо оғир синовлар қаршисида қўл чўзадиган, умид бағишлайдиган ва янги ҳаёт сари етаклайдиган меҳрибон инсонлар ҳам бор. Бухоро вилояти Қоракўл туманидаги “Тайқир” маҳалласида яшовчи Сувоновлар оиласи тарихи бунинг ёрқин исботидир.
Бугунги кунда мазкур маҳаллада 3225 нафар аҳоли истиқомат қилади. Уларнинг 123 нафарини ногиронлиги бўлган шахслар ташкил этади. Маҳаллада фаолият юритаётган ижтимоий ходим Нозима Эгамова ана шу инсонларнинг дардига малҳам бўлиш, оғир ижтимоий вазиятга тушиб қолган оилаларни қўллаб-қувватлаш ва уларнинг ҳаётини яхшилаш йўлида тизимли фаолият олиб бормоқда.
Бир неча йил муқаддам мазкур маҳалладаги оила бошлиғи Севиндик Сувонов оғир автоҳалокатга учради. Ушбу фожиа нафақат унинг соғлиғига, балки бутун оиланинг турмуш тарзига қаттиқ таъсир кўрсатди. Узоқ даволаниш, кетма-кет жарроҳлик амалиётлари ва доимий парвариш эҳтиёжи оилани оғир ижтимоий аҳволга олиб келди.
Севиндикнинг турмуш ўртоғи Нилуфар Тўраева бир вақтнинг ўзида ҳам гўдак фарзандига, ҳам ётоққа михланиб қолган турмуш ўртоғига қарашга мажбур бўлди. Шу сабабли у доимий иш фаолияти билан шуғуллана олмади. Оиланинг молиявий аҳволи кундан-кун оғирлашиб борди.
Кўпчилик учун бундай вазият тушкунлик ва умидсизликка олиб келиши мумкин эди. Бироқ бу оила тақдирида бурилиш нуқтаси юз берди.
Маҳалла ижтимоий ходими Нозима Эгамова томонидан оиланинг ҳолати чуқур ўрганилди ва комплекс ижтимоий хизматлар кўрсатиш механизми ишга туширилди. Аввало, оила “Ижтимоий реестр”га киритилиб, фарзанд учун бола нафақаси тайинланди. Севиндик Сувоновга протез-ортопедия мосламалари ва реабилитация техник воситаларини олиш бўйича амалий кўмак кўрсатилди. Шу билан бирга, “Саховат ва кўмак” жамғармаси маблағлари ҳисобидан моддий ёрдам ажратилди. Оила аъзолари психологик ва ҳуқуқий маслаҳатлар билан таъминланди. Бу эса нафақат иқтисодий муаммоларни енгиллаштирди, балки уларнинг руҳий ҳолатига ҳам ижобий таъсир кўрсатди. Аммо энг муҳим қадам бу эмас эди. Бир ғоя — бир оиланинг тақдирини ўзгартирди
Замонавий ижтимоий ҳимоя тизими фақат ёрдам бериш билан чекланмайди. У инсонни мустақил ҳаётга қайтаришни мақсад қилади.
Айнан шу тамойил асосида Нозима Эгамова томонидан Нилуфар опанинг хонадонида уй боғчасини ташкил этиш ташаббуси илгари сурилди. Бу ғояга амалий ёрдам кўрсатилди ва мини лойиҳа ҳаётга татбиқ этилди. Бугун ушбу уй боғчаси самарали фаолият юритмоқда. Энг эътиборлиси, боғчада 40 нафар бола тарбияланмоқда. Улар орасида ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар фарзандлари ҳам бор. Улар учун алоҳида имтиёзли шарт-шароитлар яратилган. Натижада бир вақтлар ёрдамга муҳтож бўлган оила бугун бошқа оилаларга ҳам манфаат келтираётган масканга айланди.
Таҳлилларга назар ташласак, мазкур ҳолат ижтимоий ҳимоянинг энг самарали модели қандай бўлиши кераклигини намоён этади. Чунки бир марталик моддий ёрдам маълум муддатгагина етади. Даромад манбаи яратиш эса инсонда келажакка ишонч бағишлайди. Сувоновлар оиласи мисолида айнан шу ёндашув ўз самарасини берди. Бугун Севиндик аканинг аҳволи анча яхшиланган. У ҳасса ёрдамида мустақил ҳаракатлана бошлади. Нилуфар опа эса ўз меҳнати орқали оила даромадини таъминламоқда. Энг муҳими, фарзандлар келажагига бўлган ишонч қайта тикланди.
Сувоновлар оиласи тарихи оддий бир ижтимоий хизмат тарихи эмас. Бу инсон тақдирига бефарқ бўлмаслик, оғир аҳволда қолганларга ўз вақтида ёрдам бериш ва уларни мустақил ҳаётга қайтаришнинг ўзига хос, самарали намунасидир.
Бугун маҳаллаларда фаолият юритаётган ижтимоий ходимлар фақат ҳужжат расмийлаштирувчи мутахассис эмас. Улар инсонлар тақдирини ўзгартираётган, умидсизлик ўрнида ишонч уйғотаётган, муҳтож оилаларни янги ҳаёт сари етаклаётган фидойи инсонлардир.
Сувоновлар оиласи мисоли яна бир ҳақиқатни исботлади: инсонга берадиган энг катта ёрдам — унга имконият беришдир. Моддий кўмак, психологик қўллаб-қувватлаш, ҳуқуқий маслаҳат ва энг муҳими, барқарор даромад манбаини яратишга қаратилган ёндашув бир оиланинг ҳаётини тубдан ўзгартирди.
Кеча ёрдамга муҳтож бўлган хонадон бугун маҳалладаги болаларга таълим-тарбия бериб, бошқа оилаларга ҳам наф келтирмоқда. Бу эса ижтимоий ҳимоянинг энг юксак натижаси — инсонни боқимандаликдан тадбиркорликка, умидсизликдан ишончга олиб чиқиш эканининг ёрқин исботидир.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири