Энг муносиб йигитлар хизматга кузатилди
Самарқанд вилоят мудофаа ишлари бошқармасида бу йилги чақирув мавсумида муддатли ҳарбий хизматга олинган бир гуруҳ йигитларни кузатиш маросими бўлиб ўтди.
Тадбирда вилоят ҳокимлиги ва Марказий ҳарбий округ қўмондонлиги раҳбарияти, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари, ота-оналар иштирок этди.
Маросимда сўзга чиққанлар мамлакатимиз Қуролли Кучларининг салоҳиятини ошириш, ҳарбий хизматчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишларга эътибор қаратиб, бугун хизматга отланаётган бўлажак аскарларга оқ йўл тилади.
[gallery-22157]
– Бу йил вилоятимизда муддатли ҳарбий хизматга чақирилувчиларни танловдан ўтказиш жараёни ҳар қачонгидан қизғин ўтди, – дейди вилоят мудофааа ишлари бошқармаси бошлиғи Бурхон Қувватов. – Аввало, йигитларни саралаш танлов жараёнлари юқори савияда ва, энг асосийси, шаффоф ўтказилишига алоҳида эътибор қаратилди. Натижада чақирилувчилар орасидан ҳар томонлама соғлом, жасур йигитлар сараланиб, муддатли ҳарбий хизматга тавсия қилинди.
Эгнига ҳарбий либос кийиб, аллақачон аскарлик руҳини ҳис қилиб турган юрт ўғлонларига китоб ва бошқа эсдалик совғалари берилди.
Чегара қўшинларида ҳарбий хизматга қабул қилинган ёшлар белгиланган манзилларга кузатилди.
Ғ.Ҳасанов, А.Исроилов (сурат), ЎзА мухбирлари