Энг кучлилар сараланди (+видео)
Фарғона шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Миллий гвардияси биринчилиги учун хизмат кўпкураши мусобақаси бўлиб ўтди. Унда ҳудудий бошқармалар, муассасалар ва ҳарбий қисмлардан жами 19 та жамоа иштирок этиб, ўз маҳоратини намоён этди.
Мусобақанинг дастлабки босқичларида иштирокчилар 100, 1000 ва 3000 метр масофаларга югуриш, турникда тортиниш каби машқларда куч синашди. Кейинги босқичларда эса жамоалар сувда сузиш ва отиш тайёргарлиги бўйича баҳслашдилар. Ҳар бир йўналиш ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлиги билан бирга ирода, сабр ва матонатини ҳам синовдан ўтказди.
Қизғин ва муросасиз кечган баҳслар якунига кўра, умумжамоа ҳисобида Қорақалпоғистон Республикаси жамоаси мутлақ ғолибликни қўлга киритди. Жамоат хавфсизлиги университети ҳамда Тошкент шаҳрида жойлашган ҳарбий қисм жамоалари эса 2 ва 3-ўринларни эгаллади. Ғолиб ва совриндорлар кубок, медал ҳамда эсдалик совғалари билан тақдирланди.
–Бундай мусобақалар ҳарбий хизматчиларнинг нафақат жисмоний, балки руҳий тайёргарлигини ҳам мустаҳкамлайди. Энг муҳими, жамоавий ҳамжиҳатлик ва бир мақсад сари интилишни кучайтиради. Бугунги баҳслар ҳар бир иштирокчининг жанговар шайлигини яна бир бор намоён этди,–дейди Миллий гвардиянинг Фарғона вилояти бўйича бошқармаси бошлиғининг биринчи ўринбосари Ғолибжон Каримов.
Таъкидлаш жоизки, хизмат кўпкураши мусобақалари ҳарбий хизматчилар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш, жисмоний тайёргарликни ошириш ҳамда жамоавийлик руҳини мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этади.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/GIvajAw_K64" title="Eng kuchlilar saralandi " frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Н.Раҳмонова, У. Тўхтаев (видео), ЎзА