Энг кучли жамоалар республика босқичига йўл олди
Навоий шаҳридаги “Ёшлар” спорт мажмуасида футбол ва мини-футбол бўйича анъанавий “Давлат хавфсизлик хизмати кубоги” мусобақасининг вилоят босқичи финал учрашувлари бўлиб ўтди.
Мусобақанинг тантанали очилиш маросимида Давлат хавфсизлик хизмати Навоий вилояти бўйича бошқармаси бошлиғи Элбек Урунов, Спорт бошқармаси бошлиғи Жасур Муртозаев ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги вилоят бошқармаси бошлиғи Лазиз Қаюмов иштирок этиб, иштирокчиларга омад тилашди.
Таъкидланганидек, мамлакатимизда аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, оммавий спортни янада ривожлантириш ва иқтидорли спортчиларни қўллаб-қувватлашга қаратилган ислоҳотлар ўзининг амалий самарасини бермоқда. Жойларда ташкил этилаётган мусобақалар ёшларни спортга кенг жалб этиш, уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш ҳамда жисмоний тарбияга бўлган қизиқишини оширишда муҳим аҳамият касб этмоқда.
Финал баҳслари кескин ва муросасиз руҳда кечди. Жамоалар республика босқичига йўлланмани қўлга киритиш учун бор маҳорат ва имкониятларини ишга солдилар.
Мусобақа якунига кўра мини-футбол бўйича қизлар ўртасида Хатирчи тумани жамоаси Зарафшон шаҳри вакилларини 6:0 ҳисобида мағлуб этди. Эркаклар ўртасидаги мини-футбол баҳсида Навбаҳор туманининг Қизилой маҳалласи жамоаси Ғозғон шаҳрининг Тумар маҳалласи устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Футбол баҳсида эса Хатирчи туманининг Новжа маҳалласи жамоаси Зарафшон шаҳрининг Қурувчи маҳалласи вакилларини 1:0 ҳисобида мағлуб этиб, бош совринни қўлга киритди.
[gallery-30146]
Мусобақа якунларига кўра ғолиб бўлган жамоалар республика босқичида Навоий вилояти шарафини ҳимоя қилиш ҳуқуқини қўлга киритди.
Мусобақа сўнггида ғолиб ва совриндорлар диплом, медаль ҳамда қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
А.Бўриев, С.Аслонов (сурат), ЎзА мухбирлари