Энг кучли ўқувчи-қизлар Вазир кубоги учун беллашади
Сурхондарё вилояти спортнинг футбол тури бўйича “Мактабгача ва мактаб таълими вазири кубоги” учун мактабларнинг 7-11 синф ўқувчи-қизлари ўртасидаги мусобақанинг мамлакат босқичига мезбонлик қилмоқда.
Термиз темир йўл вокзалида тантанали кутиб олинган энг кучли, энг моҳир, энг чаққон ўқувчи-қизлар жамоалари учун ҳамиша навқирон қадимий воҳага қизиқарли саёҳат уюштирилди. Мусобақа қатнашчилари улуғ мутафаккир Ҳаким Термизий мақбарасини зиёрат қилди.
Буюк аждодимиз мангу қўним топган Амударё соҳилидаги сокин ва обод гўшада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан саралаб олинган моҳир спортчи ўқувчи-қизларга алломанинг ибратли ҳаёт йўли, изланишлари ва асарлари ҳақида атрофлича маълумот берилди. Меҳмонларда диний-дунёвий илмлар донишманди сифатида жаҳонга танилган аллома мақбараси ва атрофида кейинги йилларда амалга оширилган йирик ободонлаштириш-таъмирлаш ишлари катта қизиқиш уйғотди.
[gallery-28330]
Нуфузли спорт мусобақаси иштирокчилари яқиндан танишган Термиз шаҳридаги Қирқ қиз қалъаси ҳам воҳадаги ноёб меъморий ёдгорликлардан бири саналади. IX-X асрларда бунёд этилган қалъанинг ўрта асрларда қўрғон вазифасини бажаргани айтилади. Баъзи маълумотларда қалъада ўз ерларини талончи кўчманчилардан ҳимоя қилган Гулойим бошчилигидаги 40 нафар қиз яшагани ҳикоя қилинса, бошқа ривоятларда тўртбурчак тарҳли, икки қаватли қалъада дунёнинг турли давлатларидан келган қизларга диний ва дунёвий илмлардан сабоқ берилгани қайд этилади.
Эски Термиз харобалари ҳудудидаги Фаёзтепа археологик ёдгорлиги милодий I-III асрларга оид вихара типидаги буддавийлик монастир-ибодатхонаси бўлиб, бу ернинг монастир майдонидаги хоналарда роҳиблар ва монастир талабалари яшаган. Археолог-олимларнинг фикрича, диний маросимлар тўхтаган вақтда монастир саждагоҳларида роҳиб ва талабалар, зиёратчи-сайёҳлар марказий ибодатхонада ўз ибодатини амалга оширган. Кушон подшолиги даврига оид Фаёзтепа ёдгорлиги ҳам спортчи-ўқувчиларни ўтмишдаги аждодларнинг ҳаёт тарзи ва ҳудуднинг ривожланиш босқичлари ҳақидаги тасаввурларини янада бойитди.
– Термизда илк марта бўлишимиз, – дейди Навоий вилоятининг “Лочин” футбол жамоаси аъзоси Севара Рустамова. – Беллашувнинг мамлакат босқичига йўлланма олиб, Сурхондарёга келишимиз осон бўлгани йўқ. Бунинг учун вилоятимиздаги 400 га яқин мактаб жамоалари ўртасида фахрли биринчи ўринни қўлга киритдик. Мусобақа олдидан қадимий воҳадаги тарихий ва археологик ёдгорликларга уюштирилган саёҳат беллашувнинг мамлакат босқичида фаол қатнашиб, ўз маҳоратимизни кўрсатишга қувват бағишлади. Шунингдек, юртимиз тарихини янада чуқур ўрганиш, қадимий обидалар билан яқиндан танишиш бахтига муяссар бўлганимиздан қувончимиз чексиз.
Ўқувчи-қизлар ўртасида оммавий футболни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиб, иқтидорли спортчи қизларни саралашга хизмат қиладиган мусобақанинг туман, шаҳар босқичларида 5 минг 20 та мактабдан 98 минг 68 нафар, Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар босқичларида 3 минг 328 нафар ўқувчи-қиз иштирок этди.
Жанубдаги вилоятнинг бой ўтмиши, ривожланиш босқичлари, дунёга танилган олимлари ҳаёти ва ижоди билан яқиндан танишган энг сара спортчи қизлар Термиз шаҳридаги этношаҳарчани сайр қилади. Элдор Шомуродов номидаги футбол академиясида яратилган шароитларни кўздан кечиради. Шу жойда мусобақа қатнашчиларининг қуръа ташлаш маросими ўтказилади.
Эртага бошланадиган мусобақада мамлакатимизнинг барча ҳудудларидан саралаб олинган 16 та энг кучли жамоа ғолиблик учун майдонга тушади. Низомга кўра, жамоалар тўртта гуруҳга бўлинган ҳолда саралаш баҳсларида беллашади. Чорак финал, ярим финал ва ҳал қилувчи финал босқичларида ўз куч ва маҳоратларини кенг намойиш этади.
Қизғин баҳсларда биринчи ўринни қўлга киритган жамоа “Дамас” автомашинаси ва 250 миллион сўм, иккинчи ўринни эгаллаган жамоа “Дамас” автомашинаси ва 200 миллион сўм, учинчи ўринга сазовор бўлган жамоа “Дамас” автомашинаси ва 150 миллион сўм пул мукофоти билан тақдирланади.
Мусобақа доирасида Вазир ва ўқувчи қизлар учрашувини ўтказиш, Ўзбекистон Футбол ассоциацияси билан меморандум имзолаш ҳам режалаштирилган.
Қизиқарли баҳсларга бой бўладиган беллашув 29 март куни якунланади.
Холмўмин Маматрайимов, ЎзА мухбири