“Энг илғор батальон (дивизион)” кўрик-танлови
Сурхондарё вилояти Мудофаа вазирлигининг яна битта нуфузли мусобақасига мезбонлик қилмоқда. Жануби-ғарбий махсус ҳарбий округининг Термиз, Какайди гарнизонларида “Энг илғор батальон (дивизион)” кўрик танловининг мамлакат босқичи бўлиб ўтмоқда.
Кўрик-танловнинг тантанали очилиш маросимида Президентимиз, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан кейинги йилларда мамлакатимизда ҳарбий хизмат нуфузини юксалтириш ва Миллий армиямизнинг жанговар шайлигини янада оширишга қаратилаётган эътибор Ватанимиз ободлиги, сарҳадларимиз осойишталигини таъминлашда юксак самаралар бераётгани таъкидланди.

Мамлакатимизнинг мудофаа қобилиятини янада мустаҳкамлаш учун илғор инновацияларни жорий этиб, такомиллаштириш, қўшинларнинг оператив жанговар тайёргарлигини ошириш, кадрлар тайёрлаш, ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий муҳофаза қилиш, турли мусобақа ва кўрик-танловлар ўтказиб, энг моҳир тинчлигимиз посбонларини муносиб рағбатлантириш каби йўналишларда юз бераётган янгиланишлар алоҳида қайд этилди.

Анъанавий ўтказилаётган мазкур кўрик-танлов ҳам Мудофаа вазирлиги қўшинларида батальон тактик гуруҳларининг жанговар тайёргарлик даражасини, бўлинмаларнинг ҳамжиҳатлигини янада мустаҳкамлаш, улар ўртасида соғлом рақобат муҳитини шакллантиришга хизмат қилаётгани билан аҳамиятли бўлмоқда.

Танловга батальон шахсий таркибининг саф кўригини ўтказиш билан старт берилди. Унда иштирокчиларнинг юк қоплари, командирлик сумкалари ва ҳарбий хизматчининг шахсий ҳужжатлари текширилиб, саф тайёргарлиги усуллари синовдан ўтказилди. Шундан сўнг бўлинмаларнинг қурол-аслаҳалари, техниклари ҳолати ва сақланиши, ўқув моддий базаларининг ҳолати ҳамда батальон штабининг жанговар вазифалари бўйича ишлаб чиқилган ҳужжатлар кўздан кечирилди.

Шу куни тасдиқланган режа асосида ҳарбий хизматчилар жисмоний тайёргарлик, тезлик, чидамлилик, чаққонлик ва куч сифатлари бўйича меъёрлар асосида ва тест синови топширди.
Кўрик–танлов жорий йилнинг 14 октябригача давом этади.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири