Энергетика барқарорлиги – халқ фаровонлигининг мустаҳкам пойдевори
Мамлакатимизда аҳолини электр энергияси ва табиий газ билан узлуксиз таъминлаш, энергетика инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказиш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган. Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ўтказилаётган йиғилишлар, жойларда амалга оширилаётган манзилли ўрганишлар ва амалий чора-тадбирлар бу борадаги ишларни мутлақо янги босқичга олиб чиқмоқда. Энг муҳими, бугун ҳар бир ҳудудда аҳолининг дарди эшитилиб, муаммолар кабинетларда эмас, балки маҳаллаларнинг ўзида ҳал этилаётгани давлат раҳбарининг инсон қадрини улуғлашга қаратилган сиёсати амалда ўз ифодасини топаётганидан далолатдир.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев раислигида ёқилғи-энергетика тармоғини ривожлантириш ҳамда куз-қиш мавсумига пухта тайёргарлик кўриш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилишида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида “Янгийўл” туманида синовдан ўтган самарали тажриба Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида ҳам босқичма-босқич жорий этилмоқда.
Бу эса мамлакатимизда ҳар бир ҳудуднинг ўзига хос хусусиятларини инобатга олган ҳолда аҳоли манфаатларига хизмат қиладиган самарали бошқарув механизмлари шаклланаётганининг яна бир амалий исботидир.
Мазкур топшириқлар ижроси доирасида Республика ишчи штаби томонидан Ғиждувон туманининг Миракон маҳалласида маҳалла раиси, фаоллар ва кенг жамоатчилик вакиллари иштирокида очиқ мулоқот ташкил этилди. Учрашув давомида аҳолининг таклиф ва мурожаатлари диққат билан тингланиб, ҳудуддаги мавжуд муаммолар, куз-қиш мавсумига тайёргарлик ишларининг ҳолати, ижтимоий объектларнинг энергия таъминоти ҳамда муҳандислик-коммуникация тармоқларининг ишончли фаолияти атрофлича муҳокама қилинди.

Шундан сўнг “Ўзтрансгаз” акциядорлик жамияти бошқарув раиси А. Исаков, Республика ишчи гуруҳи аъзолари иштирокида маҳалладаги аҳоли хонадонлари, газ тақсимлаш шохобчалари, трансформатор пунктлари, электр узатиш тармоқлари ва муҳандислик-коммуникация инфратузилмасининг техник ҳолати бевосита жойига чиққан ҳолда ўрганилди.
Ўрганишлар давомида аниқланган ҳар бир муаммо юзасидан масъул ташкилотларга манзилли топшириқлар берилди, уларни бартараф этишнинг аниқ муддатлари белгилаб олинди. Фуқароларнинг мурожаатлари алоҳида назоратга олиниб, ҳар бир масалани кечиктирмасдан ҳал этиш бўйича амалий чоралар белгиланди. Бу ёндашув “аввал инсон, кейин ҳужжат” тамойилининг ҳаётдаги ёрқин ифодаси сифатида намоён бўлмоқда.

Эътиборли жиҳати шундаки, Президент ташаббуси билан ташкил этилган бундай тизимли ўрганишлар нафақат мавжуд камчиликларни бартараф этиш, балки келгусида юзага келиши мумкин бўлган муаммоларнинг ҳам олдини олишга хизмат қилмоқда. Инфратузилмани чуқур таҳлил қилиш, аҳоли билан очиқ мулоқот қилиш ва ҳар бир мурожаатни манзилли ҳал этиш орқали энергетика тизимида мутлақо янги иш услуби қарор топмоқда.
Зеро, барқарор энергия таъминоти — иқтисодиёт ривожи, ишлаб чиқариш самарадорлиги ва энг аввало, халқ фаровонлигининг муҳим кафолатидир. Шу боис мамлакатимизда амалга оширилаётган бундай кенг кўламли ишлар ҳар бир хонадонга иссиқлик, ёруғлик ва хотиржамлик олиб киришга, куз-қиш мавсумини муаммосиз ўтказишга, юрт тараққиёти ва инсон манфаатларини таъминлашга хизмат қилмоқда. Бу эса Янги Ўзбекистонда давлат сиёсати марказида аввало инсон, унинг муносиб турмуши ва эртанги кунига бўлган ишончи турганини яна бир бор яққол намоён этмоқда.
Зариф Комилов, ЎзА мухбири