Элобод маҳалласида кенг кўламли бунёдкорлик ишлари амалга оширилмоқда
Қашқадарё вилоятида аҳоли турмуш фаровонлигини юксалтириш, муҳандислик-коммуникация инфратузилмасини такомиллаштиришга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда. Хусусан, “Қишлоқ жойларни комплекс ривожлантириш” лойиҳаси доирасида Қамаши туманидаги Элобод маҳалласида умумий қиймати 21,5 миллиард сўмлик бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.
Лойиҳа доирасида маҳалланинг электр таъминотини яхшилаш мақсадида 24,2 километр электр тармоқлари реконструкция қилинмоқда. Шунингдек, 5 километр янги электр тармоғи тортилди, темир-бетон таянч устунлари ўрнатилди ҳамда 3 та янги трансформатор фойдаланишга топширилди.

Ичимлик суви таъминотини яхшилаш бўйича ҳам қатор ишлар амалга оширилмоқда. Жумладан, сиғими 200 куб метр бўлган сув резервуари қурилмоқда. Айни пайтда аҳоли хонадонларига ичимлик суви тармоқларини тортиш ва сув иншоотларини барпо этиш ишлари давом эттирилмоқда.

Лойиҳанинг навбатдаги босқичида сув таъминоти ишлари якунлангач, маҳаллада пиёдалар йўлаклари барпо этилади ҳамда умумий узунлиги 19 километр бўлган ички йўлларга асфальт қопламаси ётқизилади.

Мазкур ишлар маҳалланинг муҳандислик инфратузилмасини янада мустаҳкамлаш, аҳоли учун қулай ва замонавий яшаш муҳитини яратишга хизмат қилади.
Ўлмас Баротов, ЎзА мухбири