Электр таъминотида узилиш бўлмайди
Фарғона вилояти мухбири "Фарғона ҳудудий электр тармоқлари" АЖ бош директори Азизбек Сайдалиев билан суҳбатда ҳудудда куз-қиш мавсумига тайёргарлик, электр таъминоти барқарорлигини таъминлаш борасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида сўз юритди.
– Айтингчи, 2026-2027 йиллар куз-қиш мавсумига қандай тайёргарлик ишлари амалга оширилди?
– Жорий йилда 303,9 млрд сўм эвазига 562,4 км электр тармоғи ва 221 та трансформатор пунктлари янгидан қурилиши ва реконструкция қилиниши режалаштирилган. Бугунгача 390,7 км электр тармоғи ва 166 та ТП қурилди. Шунингдек, 4 та янги подстанциялар қуриб битказилди.
Аҳамиятлиси шундаки, жорий йилда давлат дастурлари доирасида подстанциялардаги мавжуд куч трансформаторлари ўрнига 9 та янги куч трансформаторлари алмаштирилади. Уларнинг қуввати 10-16 минг кВАни ташкил этади. Бундан ташқари, зўриқиш билан ишлаб келган подстанциялардаги 17 та куч трансформаторлари катта қувватлисига алмаштирилиши ҳисобига мазкур подстанцияларда қўшимча 93 мегабайт қувват захираси яратилади.
Туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан ҳам 137 та МФЙ ҳудудида 165 та турли қувватдаги трансформаторлар ўрнатилди. Натижада 100 минг аҳоли хонадони ва 5000 тадбиркорлик субъекти ҳамда ижтимоий соҳа объектлари электр таъминоти яхшиланди.
– Фарғона туманида Янгийўл тажрибаси қўлланмоқда. Натижалар қандай? Нега Фарғона тумани танланди? Янгийўл тажрибаси бўйича нималар қилинди?
– Фарғона туманидаги 71 та маҳаллада электр тармоқлари хатловдан ўтказилди ва унинг 497,2 км қисми таъмирталаб экани аниқланди. Ҳозирча 129,2 км электр тармоғи мукаммал таъмирланди. Тумандаги 936 та трансформатор пунктининг 537 таси таъмирланиши лозим бўлса, 491 тасида жорий ишлар тугатилди.
АСКУЭ тизимига мос бўлмаган ҳисоблагичлар сони 1208 тадан 157 тага камайтирилиб, 1051 та ҳисоблагич бўйича муаммо бартараф этилди. Туманда 2026 йил январь-сентябрь ойларида электр энергияси йўқотишлари 17,8 фоизни ташкил этган. Ҳозирда у кундан кунга камайтириб борилмоқда. Фарғона туманида жами 208 млрд сўмлик қайта қуриш, таъмирлаш ишлари амалга оширилиши лозим.
– Сўхда улкан лойиҳалар устида иш бошланган. Улар нима беради, нималар ўзгаради, қандай имкониятлар яратилади?
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2026 йил 8 июлдаги Сўх туманини 2026-2028 йилларда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга қаратилган 258-сонли қарори билан электр тармоқларини янгилаш ишлари давом этмоқда. Мазкур қарор билан 19,9 млрд сўм маблағ эвазига 2026-2027 йиллар давомида 52,3 км электр тармоқлари ва 17 та трансформатор пунктлари ҳамда Сўх подстанциясидаги 2 та куч трансформаторларини янгилаш режалаштирилган.
Бугунги кунда Сўх туманида ишлар жадаллик билан олиб борилмоқда ва 1 330 та темир бетон таянчлари ўрнатилди ҳамда 26,5 км электр тармоқлари тортилди. 4 та трансформатор пунктлари янгитдан ўрнатилди.
Сўх подстанцияси учун 2 та куч трансформаторларини харид қилиш бўйича шартномалар расмийлаштирилмоқда.
Мазкур ишлар амалга оширилиши натижасида 5000 мингта аҳоли хонадони ва 1000 га яқин тадбиркорлик субъектлари электр таъминоти яхшиланди.
– Муқобил энергия ишлаб чиқариш лойиҳалари шов-шув бўлганди. У нима бўлди? Лойиҳа давом этяптими?
– Жорий йилда вилоятнинг йиллик электр энергияси истеъмоли 7,3 млрд кВт соатга етиши кутилмоқда. У 2025 йилда 7,2 млрд кВт соат, 2024 йилда 7 млрд кВт соатни ташкил этган.
Мен бу рақамларни айтишимдан асосий мақсад, сўнги йилларда электр энергиясига бўлган талаб йилдан йилга ортиб бормоқда. Лекин рақамларда эса бундай эмас. Бунинг асосий сабабларидан бири вилоятимизда муқобил энергия қувватларидан кенг фойдаланилаётганидир.
Ўтган даврда вилоятда 195,4 МВт қувватга тенг қуёш панеллари ўрнатилди ва вилоятнинг 4 фоиз (280 млн.кВт.соат) миқдорида электр энергияси истеъмолини қоплаяпти.
Бундан ташқари, аҳоли улгуржи истеъмолчилар томонидан эҳтиёжидан орттирилган қисмини электр тармоқларига узатмоқда ва бунинг эвазига даромад ҳам қилмоқда. Мисол учун жорий йилнинг ўзида қуёш панелини ўрнатган субъектларга 71,1 млрд сўм маблағ тўлаб берилди
– Ўзбекистон туманидаги электр қувватини сақлагич “омбор” кутилган натижа бердими? Истиқболи борми?
– 2024 йилнинг декабрь ойида Хитойнинг “Сангров” компанияси томонидан 150 МВтли 300 МВт соат электр энергиясини сақлаш станцияси ишга туширилди. Унинг қиймати 144 млн долларни ташкил этади. Ҳа, албатта, у Ўзбекистон тумани ҳамда унга туташ туманларда электр энергиясига бўлган талабни қоплашга хизмат қилиб келмоқда.
У электр энергиясига талаб кам бўлган даврда қувватланиб, талаб ортган даврда тизимга қайта узатилади. Яъни тиғиз даврда истеъмолчиларга кафолатланган сифатли электр энергияси етказиб берилмоқда.
– Электр қувватидан фойдаланувчи истеъмолчиларга мутахассис сифатида қандай маслаҳат берасиз?
– Электр энергиясидан оқилона ва тежамкорлик билан фойдаланинг, уни исроф қилманг ва ҳар бир бирлигини қадрланг.
Электр энергиясини тежаш орқали оилавий бюджетингизни асранг ва юртимиз равнақига муносиб ҳисса қўшинг.
Муҳаммаджон Обидов,
Элёр Олимов (видео), ЎзА