Электр станцияларида самарадорликни оширишга қандай ечимлар таклиф этилмоқда?
“Иссиқлик электр станциялари” АЖда ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш, энергетика объектларининг ишончлилигини ошириш ва замонавий технологияларни жорий этиш масалаларига бағишланган Илмий-техник кенгаш йиғилиши бўлиб ўтди.
Видеоконференция шаклида ташкил этилган йиғилишда Энергетика вазирлиги вакиллари, Тошкент давлат техника университетининг академик ва профессор-ўқитувчилари, “Миллий диспетчерлик маркази” ДУК, “Ўртаосиёэнерготармоқлойиҳа” АЖ ҳамда “Иссиқлик электр станциялари” АЖ масъуллари, филиаллар ва тизим корхоналарининг мутахассислари иштирок этди.

Йиғилишда электр станцияларининг ишлаб чиқариш салоҳиятидан янада самарали фойдаланиш, энергия ресурслари сарфини қисқартириш ва замонавий технологияларни амалиётга татбиқ этишга қаратилган қатор лойиҳалар муҳокама қилинди. Асосий эътибор мавжуд қувватларни оқилона ишлатиш, ускуналарнинг ишончлилигини ошириш ҳамда электр энергияси ишлаб чиқариш жараёнининг барқарорлигини таъминлаш масалаларига қаратилди.
Жумладан, “Талимаржон ИЭС” АЖнинг 3-4-сонли буғ-газ қурилмаларида технологик жараёнларни зарур буғ билан таъминлаш мақсадида ёрдамчи буғ қозонини ишга тушириш таклифи кўриб чиқилди. Корхона эҳтиёжлари учун тескари осмос тизимини жорий этиш, уни лойиҳалаш, етказиб бериш, ўрнатиш ва ишга тушириш билан боғлиқ масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
“Фарғона ИЭМ” филиалидаги 7 МВт қувватли газ-турбина қурилмасининг имкониятларини кенгайтириш мақсадида унга қўшимча 2,5 МВт қувватли буғ турбинасини ўрнатиш масаласига алоҳида урғу берилди.

“Тўрақўрғон ИЭС” буғ-газ қурилмасининг газ турбинасига кирувчи ҳавони совитиш тизимини жорий этиш лойиҳаси ҳам кенг муҳокама қилинди. Мутахассислар таъкидлаганидек, бундай техник ечим қурилманинг ишлаш самарадорлигини ошириш билан бирга, энергия ресурсларидан тежамкор фойдаланиш имконини ҳам кенгайтиради. Шу нуқтаи назардан, лойиҳанинг техник имкониятлари, энергия самарадорлиги ва экологик жиҳатлари атрофлича баҳоланди.
Масалалар муҳокамаси давомида “Иссиқлик электр станциялари” АЖ бошқаруви раисининг биринчи ўринбосари Озод Охунов мавжуд ишлаб чиқариш қувватларидан самарали фойдаланиш ва корхоналарда замонавий технологияларни жорий этиш муҳимлигини таъкидлади.
– Бугунги кунда ҳар бир энергетика объектида мавжуд имкониятлардан тўлиқ ва самарали фойдаланиш, ишлаб чиқариш харажатларини камайтириш ҳамда ускуналарнинг ишончли ишлашини таъминлаш устувор вазифалардан биридир. Илмий-техник кенгашда кўриб чиқилаётган лойиҳалар айнан шу мақсадларга хизмат қилиши, амалиётга жорий этилганда эса ишлаб чиқариш самарадорлиги ва энергия тежамкорлигини янада ошириши керак, – деди О.Охунов.

Шунингдек, йиғилиш кун тартибидан “Иссиқлик электр станциялари” АЖда диспетчерлик марказларини модернизация қилиш ҳамда ERP тизимларини техник қўллаб-қувватлаш тизимини жорий этиш масалалари ҳам ўрин олди.
Муҳокамалар жараёнида ҳар бир лойиҳа бўйича мутахассис ва экспертларнинг фикр-мулоҳазалари тингланди. Лойиҳаларнинг техник ва иқтисодий самарадорлиги юзасидан таклифлар билдирилиб, уларни амалга ошириш бўйича тегишли тавсиялар ишлаб чиқилди.
Таъкидлаш жоизки, Илмий-техник кенгашда кўриб чиқилган мазкур лойиҳаларни босқичма-босқич амалга ошириш электр станцияларининг ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириш, энергия ресурсларидан тежамкор фойдаланиш, замонавий технологияларни кенг жорий этиш ҳамда энергетика объектларининг ишончлилигини янада юксалтиришда муҳим аҳамиятга эга.
Насиба Зиёдуллаева, ЎзА