Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланишга чек қўйилмоқда
“Ўзэнергоинспекция” томонидан ҳудудларда ўтказилаётган назорат тадбирлари давомида электр тармоқларига ўзбошимчалик билан уланиш, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳамда энергетика объектларида хавфсизлик қоидаларига риоя қилмаслик билан боғлиқ ҳолатлар қайд этилмоқда.
Хусусан, Андижон вилоятида ўтказилган назорат тадбирлари давомида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш билан боғлиқ 3 та ҳолат аниқланган. Жумладан, Андижон шаҳрида ЯТТ Қ.Ш.га қарашли нотурар бинода электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 725 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келингани маълум бўлган.
Шунингдек, Пахтаобод туманида ЯТТ Н.Ш.га қарашли бинода электр тармоғига ноқонуний уланиш ҳолати қайд этилган. Мазкур қоидабузарлик натижасида электр таъминоти корхонасига 480 миллион сўмлик зарар етказилган. Асака туманида эса “Р. М.” МЧЖга қарашли нотурар бинода худди шундай қоидабузарлик аниқланган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, ушбу ҳолатда келтирилган зарар 136,6 миллион сўмни ташкил этган.
Назорат тадбирлари жараёнида электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатлари билан бир қаторда, энергетика объектларида хавфсизлик талабларига риоя этилишига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Хусусан, Жиззах вилоятидаги энергетика объектларида олиб борилаётган таъмирлаш ишлари ўрганилганда, Шароф Рашидов туманида жойлашган 393-сонли трансформатор пунктида иш олиб бораётган бригада хавфсизлик техникаси қоидаларига зид равишда ҳимоя воситаларисиз ишлаётгани аниқланган.
Инсон ҳаёти ва соғлиғи учун хавф туғдириши мумкин бўлган ушбу ҳолат юзасидан бригада иш жойидан четлаштирилган.
Электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини аниқлашга қаратилган назорат тадбирлари бошқа ҳудудларда ҳам давом эттирилмоқда. Жумладан, Бухоро шаҳрида ўтказилган назорат тадбири давомида “B. Y. M. F.” корхонасига қарашли бинода электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, электр энергиясидан ноқонуний фойдаланиб келингани аниқланган. Натижада электр таъминоти корхонасига 390 миллион сўмлик зарар етказилган.
Сирдарё вилоятида ўтказилган назорат тадбирларида ҳам шундай қоидабузарликлар қайд этилган. Ховос туманида “М. Е. Х.” МЧЖга қарашли нотурар бино электр тармоғига ўзбошимчалик билан уланиб, 260 миллион сўмлик электр энергиясидан ноқонуний фойдаланилгани маълум бўлган.
Сирдарё туманида “А. Б. З.” корхонасига қарашли бинода ҳам электр тармоғига ноқонуний уланиш ҳолати аниқланган. Мазкур қоидабузарлик натижасида электр таъминоти корхонасига 330 миллион сўмлик зарар етказилган.
Инспекция ахборот хизматига кўра, аниқланган қоидабузарликлар юзасидан белгиланган тартибда чоралар кўрилмоқда.
Н.Зиёдуллаева, ЎзА