Электр энергияси меъёри, иссиқлик ва газ тарифлари: янги ўзгаришлар таклиф қилинмоқда
Оммавий ахборот воситалари учун контент тайёрлаш марказида “Энергия тарифлари ислоҳотлари ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш” мавзусига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.
Вазирликлар, ташкилотлар вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Жамшид Абруев, иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоев, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазири ўринбосари Озода Жўраева, “Иссиқлик таъминоти” АЖ бошқаруви раиси Илҳом Тўраев ва бошқалар сўзга чиқди.
Анжуманда энергия тарифларини ислоҳ қилиш ва аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар, уларнинг асосий мақсад ва вазифалари ҳақида маълумот берилди. Таъкидланганидек, ислоҳотлар аҳоли фаровонлигини ошириш, ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларни қўллаб-қувватлаш ҳамда энергия ресурсларидан самарали фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган.
Хусусан, тадбирда тарифлар ўзгариши шароитида аҳолини қўллаб-қувватлаш, иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув тарифларини қайта кўриб чиқиш, газлаштирилмаган ҳудудларда электр энергиясининг базавий истеъмол меъёрини ошириш ҳамда суюлтирилган газ нархини эркинлаштиришга оид битта Президент фармони ва учта Вазирлар Маҳкамаси қарори лойиҳаси муҳокама қилинди.
Суюлтирилган газ бозоридаги вазиятга кўра, мамлакатда ушбу ресурс билан таъминлаш ҳажми 2023 йилдаги 906 минг тоннадан 2026 йилда 1,52 миллион тоннага етказилиши кутилмоқда. Бу қарийб 68 фоиз ўсишни англатади. Шу даврда маҳаллий ишлаб чиқариш 883 минг тоннадан 803 минг тоннага камайган бўлса, импорт 19 минг тоннадан 713 минг тоннага кўпайган. 2026 йилнинг январь-сентябрь ойларида 539 минг тонна суюлтирилган газ импорт қилинган.
Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Хуршид Мустафоев тўртта қарор лойиҳасида назарда тутилган таклифлар, суюлтирилган газ нархини ўзгартириш ва газлаштирилмаган ҳудудларда электр энергиясининг базавий меъёрини ошириш сабабларига тўхталди.
–Кеча, 13 октябрь куни, муҳокамага тўртта лойиҳа қўйилди. Биринчи навбатда, тарифлар ошиши шароитида аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида Президент фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди. Иккинчиси - иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув тарифларини қайта кўриб чиқиш бўйича қарор лойиҳаси. Учинчиси - газлаштирилмаган ва газ етказиб бериш қийин бўлган ҳудудларда яшовчи аҳолини қўллаб-қувватлаш мақсадида қиш мавсумида электр энергиясининг ойлик базавий меъёрини 200 киловатт-соатдан 350 киловатт-соатгача ошириш. Тўртинчиси эса суюлтирилган газ нархини эркинлаштиришга қаратилган чора-тадбирлар бўлиб, унда бир килограмм газ нархини амалдаги 2 минг сўмдан 5 минг сўмгача ошириш таклиф этилган.
Ҳозирги кунда суюлтирилган газ аҳолига бир килограмми 2 минг сўмдан сотилмоқда. Лекин биржада унинг бозор нархи бундан юқори. Шуни инобатга олган ҳолда, дастлаб нархни 5 минг сўмгача ошириш таклиф этилмоқда.
Қиш мавсумида газ етиб бормаган ҳудудларда аҳоли иситиш воситаларидан фойдаланади. Бу эса электр энергияси истеъмолининг ортишига олиб келади. Амалдаги 200 киловатт-соатлик базавий меъёрдан ошган истеъмол учун юқорироқ тариф қўлланади. Шунинг учун газлаштирилмаган ёки газ етказиб бериш қийин бўлган ҳудудларда қиш мавсумида базавий меъёрни 350 киловатт-соатгача ошириш таклиф этилмоқда, – деди Х.Мустафоев.
Газлаштирилмаган ёки газ таъминоти қийин ҳудудларда қарийб 4 миллион абонент мавжуд. 2025 йил сентябридан 2026 йил августигача бўлган давр таҳлили асосида тайёрланган таклифга кўра, янги меъёрни 2026 йил 1 ноябрдан бошлаб иситиш мавсумида қўллаш кўзда тутилган. Ҳисоб-китобларга кўра, бу чора аҳолининг қарийб 80 фоизини қамраб олиши, 1,5 миллиондан ортиқ абонентга иситиш мавсуми давомида жами 171 миллиард сўм атрофида маблағни тежаш имконини бериши мумкин.
Бунда 201-350 киловатт-соат оралиғидаги истеъмол учун ҳар бир киловатт-соат нархи 900 сўм ўрнига 650 сўмни ташкил этиши таклиф қилинмоқда. Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида иситиш мавсуми октябрь-февраль ойларини, бошқа ҳудудларда эса ноябрь-февраль ойларини қамраб олади. Газ таъминоти қийин бўлган уй-жойлар рўйхати ҳудудий ҳокимликлар томонидан “Ўзэнергоинспекция”, “Ҳудудгазтаъминот” ва “Ҳудудий электр тармоқлари” тавсиялари асосида тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги директори ўринбосари Жамшид Абруев энергия тарифларини ислоҳ қилиш жараёнида ижтимоий ёрдамни манзилли ташкил этиш зарурлиги, амалдаги қўллаб-қувватлаш механизмлари ва янги мавсумда аҳолига бериладиган ёрдам ҳақида маълумот берди.
[gallery-31946]
–Энергия ресурслари нархи ва уларни аҳолига етказиб бериш харажатлари ўртасидаги фарқни қоплаш масаласи илгари истеъмолчилар тўловлари ёки бюджет маблағлари ҳисобига ҳал қилинган. Бироқ истеъмол ҳажми ва харажатлар ортиб бораётган шароитда барча истеъмолчиларни бир хил тарзда субсидиялаш ўрнига, ёрдамни эҳтиёжманд қатламларга йўналтириш муҳим.
Электр энергияси истеъмолчиларининг 30 фоизи ойига 200 киловатт-соатдан ортиқ электр энергияси ишлатса-да, умумий истеъмолнинг 71 фоизи улар ҳиссасига тўғри келади. Шу сабабли, умумий субсидиялаш кўпроқ энергия сарфлайдиган истеъмолчиларга ҳам каттароқ имтиёз бериши мумкин. Манзилли ёрдам эса мавжуд маблағларни ижтимоий кўмакка муҳтож оилаларга йўналтириш имконини беради.
Ҳозирда аҳолини қўллаб-қувватлашнинг бир қатор механизмлари амал қилмоқда. Жумладан, 2024 йилда эҳтиёжманд фуқароларга 750 минг сўмдан, 2025 йилда эса 1 миллион сўмдан бир марталик ёрдам берилган. Жами 1,2 миллион нафар аҳолига электр энергияси ва табиий газ харажатларини қоплашда кўмак кўрсатилган.
Шунингдек, белгиланган меъёр доирасида ойига 150 киловатт-соат электр энергияси ва 250 куб метр табиий газ истеъмоли учун компенсация тўлаш механизми жорий этилган. Ушбу тўловлардан 470 минг хонадон фойдаланган. Маҳалладаги “еттилик” орқали эса 440 минг сўмгача бир марталик ёрдам ва иситиш харажатлари учун 2 миллион сўмгача маблағ ажратиш имконияти мавжуд бўлиб, бу тартибда 26 мингта тўлов амалга оширилган.
Апрель ойида қабул қилинган Президент қарори асосида биринчи гуруҳ ногиронлиги бўлган шахс яшайдиган ва хонадонда бошқа меҳнатга лаёқатли аъзолари бўлмаган 2,7 мингта оиланинг уй-жойи энергия самарадорлиги нуқтаи назаридан таъмирланиб, қуёш панеллари ўрнатилган. Айрим хонадонларда энергия харажатлари 50 фоизгача камайган. Бундай ёрдамнинг мақсади нафақат харажатларни қисқартириш, балки энергиядан оқилона фойдаланиш ва қўшимча даромад манбаларини шакллантиришга кўмаклашишдан ҳам иборат, – деди Ж.Абруев.
Мутахассисларнинг маълум қилишича, 2026 йил 1 ноябрдан аҳоли учун иситиш ва иссиқ сув тарифларини 30 фоизга ошириш таклиф этилмоқда. Шунга қарамай, тарифлар билан хизматлар таннархи ўртасидаги фарқ қарийб 4 баравар бўлиб қолиши кутилмоқда.
Юридик шахслар учун тарифларни таннархдан келиб чиқиб белгилаш режалаштирилган. Бунда айрим ҳудудларда тарифлар оширилиши, баъзи шаҳарларда пасайтирилиши, Тошкент, Фарғона ва Хоразм вилоятларида эса ўзгаришсиз қолдирилиши таклиф этилган.
2026-2027 йилги иситиш мавсумида эҳтиёжманд оилаларга бир марталик 1 миллион сўмдан моддий ёрдам бериш режалаштирилган. Ёрдам ижтимоий реестрга киритилган оилалардан ташқари, белгиланган даромад мезонларига жавоб берадиган бошқа хонадонларга ҳам берилади. Ёлғиз кексалар, ўзгалар парваришига муҳтож шахслар, етим ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар яшайдиган оилаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилади.
Реестрга киритилмаган оилалар учун даромад мезони истеъмол харажатларининг минимал миқдоридан икки бараваргача, Тошкент шаҳрида эса уч бараваргача этиб белгиланган. Моддий ёрдам 1 миллион 17 мингдан ортиқ хонадонни қамраб олиши кутилмоқда.
Шунингдек, “оғир” тоифадаги маҳаллаларда 3 мингта хонадонни иссиқликни сақловчи материаллар билан изоляция қилиш, энергия тежамкор дераза ва эшиклар, қуёш панеллари ҳамда гелиоколлекторлар ўрнатиш режалаштирилган. Бу мақсадлар учун 240 миллиард сўм ажратиш кўзда тутилган.
Тадбир якунида мутасаддилар журналистларнинг саволларига жавоб берди.
Насиба Зиёдуллаева,
Ойбек Пардаев (сурат),
ЎзА