Элдор Шомуродов яна тарихий натижа қайд этди
Хабарингиз бор, куни кеча пойтахтимизда “FIFA Series – 2026” турнири старт олди ва илк баҳсда Ўзбекистон миллий терма жамоаси Габон миллий терма жамоасини 3:1 ҳисобида мағлубиятга учратди.
Учрашувда терма жамоамизнинг илк голига Элдор Шомуродов 14-дақиқада муаллифлик қилди. Бу гол футболимиз тарихида янги саҳифа очди. Қолган голлар Жаҳонгир Ўрозов ҳамда Алишер Одилов томонидан киритилди.
Гап шундаки, терма жамоамиз сардори Элдорнинг ушбу голи миллий жамоамиз сафида халқаро майдондаги 44-гол сифатида қайд этилди ва бу натижа янги рекордга айланди. Маълумки, Элдор Шомуродов Ўзбекистон миллий терма жамоаси тарихида энг кўп гол урган футболчи сифатида эътироф этилади. У бу натижага 89-учрашувида эришди.
Элдор миллий терма жамоадаги фаолиятини 2015 йил 3 сентябрда бошлаган бўлиб, бугунга қадар 27 мамлакат терма жамоаси дарвозасини ишғол қилган. Шунингдек, ушбу учрашувларда 12 марта голли узатма ҳам қайд этган.
Маълумот учун, Элдор Шомуродовнинг терма жамоа сафида урган ҳар бир голи янги рекорд сифатида қайд этилмоқда. Бунга сабаб миллий жамоамиз сафида Максим Шацких 33, Александр Гейнрих 32, Миржалол Қосимов 29, Сервер Жепаров 25 та гол урган ва улар ҳозирда футболчилик фаолиятини якунлаган.
Элдорнинг рекордини Игорь Сергеев янгилаши мумкин. У ҳозирда 24 гол билан терма жамоамизнинг энг кўп гол урган футболчилари рўйхатида 6-ўринда бормоқда ва айни пайтда фаолиятини давом эттирмоқда.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА