Элдор Арипов “Валдай” клубининг биринчи кунги мажлиси якунлари ҳақида маълумот берди
Аввал хабар берганимиздек, бугун, 10 ноябрь куни “Валдай” халқаро мунозара клубининг X Осиё конференцияси биринчи иш кунида Ўзбекистон – Россия махсус сессияси мажлиси ўтказилди.
Аввал хабар берганимиздек, бугун, 10 ноябрь куни “Валдай” халқаро мунозара клубининг X Осиё конференцияси биринчи иш кунида Ўзбекистон – Россия махсус сессияси мажлиси ўтказилди.
Ушбу мажлис якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти директори Элдор Арипов журналистларга қуйидагиларни сўзлаб берди:
– Тадбирнинг биринчи иш кунида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти билан “Валдай” халқаро мунозара клубини ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш жамғармаси ўртасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисида битим имзоланди. Ушбу ҳужжат ташкилотларимизнинг манфаатли шерикликни ривожлантиришдаги саъй-ҳаракатлари учун асос бўлиб хизмат қилади.
Тадбирда, шунингдек, яқин вақтларда ҳужжатни амалиётга жорий этиш бўйича режа ишлаб чиқиш ишларини бошлашга келишиб олдик. Унинг доирасида “Валдай” мунозара клуби мажлисларида Ўзбекистон иштирокини таъминлаш, устувор вазифалар юзасидан муҳокамаларни амалга ошириш мақсадида россиялик экспертларни мамлакатимизга таклиф этиш, материаллар чоп этишдаги алмашинувни йўлга қўйиш механизмлари белгилаб олинади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев МДҲга аъзо давлатлар раҳбарлари кенгашининг Ашхобод саммитида ахборот хавфсизлиги соҳасида конференция ўтказиш таклифини илгари сурганди. Мунозаралар чоғида 2020 йилда мамлакатимизда ўтиши кутилаётган ушбу халқаро анжуманда россиялик ҳамкасбларимизнинг иштирок этишига келишиб олдик.
Мамлакатларимиз ўртасида турли йўналишлардаги мулоқотни фаоллаштириш жадаллик билан кечмоқда.
Биргина мисол. Жорий йил бошидан буён икки давлат делегацияларининг 150 дан ортиқ ташрифи амалга оширилди. Сўнгги уч йилда давлатларимиз раҳбарлари ўртасида саккиз марта турли даражадаги учрашув ва мулоқотлар бўлиб ўтди.
Бундай юқори ўсиш суръати савдо-иқтисодий муносабатларда ҳам кузатилмоқда. Сўнгги икки йилда савдо айланмаси ҳажми 1,5 бараварга ортди. Йил якунига қадар эса бу рақамни 6 миллиард долларга етказиш кўзда тутилган.
Ўзбекистон – Россия муҳокамаларида ушбу мақсадларга эришиш имкониятлари юзасидан фикр алмашдик, минтақавий хавфсизлик, терроризм ва диний экстремизм таҳдидларига қарши кураш бўйича ҳамкорликка оид масалаларни кўриб чиқдик.
Учрашувларимиз чоғида ишлаб чиқилган таклиф ва режалар Ўзбекистон – Россия муносабатларини янада ривожлантириш мақсадида давлатларимиз раҳбарларига тақдим этилади.
Маълумот ўрнида, “Валдай” халқаро мунозара клубининг X Осиё конференцияси асосий тадбирлари 11 ноябрь куни бўлиб ўтади.