“Эл-юрт умиди” жамғармаси орзуларни рўёбга чиқармоқда
Термизда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Истиқболли кадрларни тайёрлаш бўйича “Эл-юрт умиди” жамғармасининг тарғибот тадбирлари ўтказилди.
Термиз давлат университетида бўлиб ўтган очиқ мулоқотда вилоят марказидаги маҳаллаларнинг ёшлар етакчилари, профессор-ўқитувчилар ва талабалар иштирок этди.

Мамлакатимизда камолга етаётган ҳозирги ёшларда имкониятлар бисёр. Ёшларнинг таълим олиши, хорижий тилларни чуқур ўрганиши, истеъдодини кенг намоён этиши учун сайёрамизнинг бошқа ҳудудларидаги тенгдошлари фойдаланаётган имкониятлардан ҳам кенгроқ шароит яратилмоқда. Масалан, биз мактабда ўқиган пайтларда рус тили бошланғич синфлардан ўргатилган бўлса-да, бошқа чет тилларидан ўқувчилик давримизнинг сўнгги уч йилида сабоқ берилган. Биласизми, ўшанда ҳам уч йил уч давлатнинг тили ўқитилган. Ўқитувчилар ҳам бир йил муддатга мамлакатимизнинг турли ҳудудларидан келган. Улар чет тили алфавитларини, юзгача санашу, инглиз, немис ва француз шоирларининг енгил талаффуз қилинадиган шеърларини ёд олдиришган бошқа билим бермаган. Ҳозирда, мактаб ёки олий таълим муассасаларини қўя турайлик, замонавий ўқув марказларида ҳам дарсдан бўш вақтларда истасангиз араб, чин, корейс, япон, инглиз, немис ва бошқа давлат тилларини мукаммал ўрганиш имконияти бор.

Мамлакатимизда айниқса, кейинги ўн йилда иқтидорли, истеъдодли йигит-қизларни ҳар тарафлама қўллаб-қувватлаш юзасидан кўрсатилаётган эътибор ёшларга ўзгача шижоат улашиб, уларни изланишга, хориждаги нуфузли олий таълим муассасаларида таҳсил олиб, Янги Ўзбекистон учун муносиб кадрлар бўлиб етишишга ундамоқда.
Президентимизнинг 2025 йил 5 майдаги “Иқтидорли мутахассисларнинг хорижда таълим олишини қўллаб-қувватлаш, уларда касбий кўникмаларини ривожлантириш ва рағбатлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони бу борадаги ишлар кўламини янада кенгайтиришда муҳим дастуруламал бўлмоқда.
Болаликдан шўролар тузуми яратган мафкура қобиғига ўралиб, илм олган бизнинг авлод бундай имкониятларга ҳавас қилиб яшашдан фахр ҳиссини туйишида ҳам чуқур маъно бор. Зеро, шўролар замонида тил ўрганиб, хорижда таълим оламан, деганларни қўллаш у ёқда турсин, таълим олиш ёки тажриба алмашиш учун собиқ иттифоқ давлатларидан бошқа чет элга юборилмасди. Ахир, беғубор ёшликдаги орзу-умидларимизни илмга чанқоқ, истеъдодли фарзандларимиз эндиликда рўёбга чиқараётганидан қувонмай, фахрланмай бўладими.
Хусусан, мамлакатимизда фаолият юритаётган “Эл-юрт умиди” жамғармаси ҳам истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаб, жаҳондаги энг нуфузли университетлар ва илмий марказларида таълим олган янги авлод етакчилари ва мутахассислар жамоасини шакллантиришдек эзгу ишни амалга оширмоқда. Чет элда ўқиган ёшлар юртимизга қайтиб келгач, олган билим ва тажрибаларини Ватанимизни ривожлантиришга йўналтиради. Таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, рақамлаштириш каби муҳим соҳаларни янги босқичга кўтариб, юксалтиришга ҳисса қўшади.

- Ҳар йили икки марта эълон қилинадиган танловлар орқали 700 дан ортиқ иқтидорли ёш сараланиб, дунёнинг нуфузли ТОП-300 талик рейтингига кирувчи университетларда таҳсил олиш профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари эга бўлади,- дейди жамғарма бошқармаси бошлиғи Ш.Шарипов. - Стипендиат бўлиш учун ҳар бир истеъдодли ёшнинг аниқ мақсади, мамлакатимиз ривожи учун хизмат қиладиган лойиҳаси бўлиши керак. Ўтган йилги стипендиантларимизнинг саксон фоизи ТОП-100 талик университетларга ўқишга қабул қилинди. Стипендиантларимиз хориждаги нуфузли университетларда бакалавриат, магистратура, докторантура йўналишларида ўқиб ёки мақсадли стажировка дастурларида қатнашиб келиб, давлатимизни янада ривожлантириш йўлида хизмат қилади. Бу имконият истеъдодли, иқтидорли йигит-қизлар учун Президентимизнинг юксак ишончи ва давлатимизнинг ёшлар учун яратган катта имтиёзидир.

Маълумотларга кўра, 2018-2025 йилларда жамғарма 2 минг 300 га яқин стипендиатни 45 мамлакатга таълим олишга юборди. Ҳозиргача уларнинг 1 минг 400 дан ортиқ битирувчиси мамлакатимизга қайтиб келиб, иқтисодиёт, таълим, фан, тиббиёт ва давлат бошқаруви соҳаларида фаолият юритмоқда.

Вилоятда ташкил этилган тарғибот тадбирлари доирасида Президент мактаби ва Термиз шаҳридаги ихтисослаштирилган мактабларнинг битирувчи синф ўқувчилари, Термиз давлат педагогика университети профессор-ўқитувчилари, иқтидорли талабалари ва Термиз тумани маҳаллалари ёшлар етакчилари иштирокида ҳам учрашув ўтказилди.

Вилоятдаги учрашувлар иштирокчилари жамғарма фаолияти, жамғарма стипендия танловларида қатнашиш тартиблари, мақсадли стажировка ва бошқа масалалар юзасидан етарли тушунчага эга бўлди. Ўзларини қизиқтирган саволларга атрофлича жавоб олди.
Холмўмин Маматрайимов,
ЎзА мухбири