Эл хизматидаги фидойилар эъзозланди
Ўзбекистон Республикаси Мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерациясида соҳа фидойилари, давлат хизматчилари ва жамоатчилик фаолларини тақдирлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди.
Тадбирда истиқлол йилларида мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш, фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш, жамоатчилик назоратини кучайтириш ҳамда аҳолининг ҳуқуқий ва истеъмол маданиятини юксалтириш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар алоҳида эътироф этилди.
Хусусан, истеъмолчиларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, фуқаролар мурожаатларига амалий ечим топиш, аҳоли ўртасида ҳуқуқий тарғибот ишларини олиб боришда Федерация тизими ходимлари билан бир қаторда давлат хизматчилари ва жамоатчилик фаолларининг ҳам муносиб ҳиссаси борлиги таъкидланди.

Истеъмолчилар ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, истеъмол маданиятини ошириш ҳамда соҳани ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиб келаётган соҳа фидойилари, давлат хизматчилари, жамоатчилик фаоллари ва фуқаролик жамияти институтларининг фаол вакиллари «Истеъмолчилар ҳуқуқи ҳимоячиси» кўкрак нишони билан тақдирландилар.
Тақдирланганлар орасида кўп йиллар давомида соҳада самарали меҳнат қилиб келаётган мутахассислар, давлат органлари ва ташкилотларида фаолият юритаётган масъул ходимлар, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда фаоллик кўрсатаётган жамоатчилик вакиллари, ҳуқуқий тарғибот ҳамда истеъмол маданиятини юксалтиришга муносиб ҳисса қўшаётган фидойи инсонлар бор.
Мазкур кўкрак нишони уларнинг ҳалол ва самарали меҳнати, касбига садоқати, фаол фуқаролик позицияси, ташаббускорлиги ҳамда истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаси ривожига қўшаётган муносиб ҳиссасига билдирилган юксак эътирофдир.

Маросим давомида тақдирланганларга кўкрак нишонлари ва уларнинг гувоҳномалари тантанали равишда топширилди. Уларнинг кўп йиллик самарали меҳнати, давлат ва жамоат ишларидаги фаоллиги, аҳоли розилиги ҳамда инсон манфаатларини таъминлаш йўлидаги хизматлари алоҳида эътироф этилди.
Тадбирда сўз олганлар Мустақиллик халқимизнинг энг улуғ ва муқаддас қадрияти эканини, бугунги тинч ва фаровон ҳаёт, инсон қадри устувор бўлган жамият ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш борасидаги кенг имкониятлар айнан истиқлол туфайли қарор топганини таъкидладилар.
Шунингдек, «Ягона Ватан, ягона халқ бўлиб, янги ҳаёт ва келажак яратамиз!» деган эзгу шиор соҳа вакиллари, давлат хизматчилари ва жамоатчилик фаолларини Ватан тараққиёти, халқ фаровонлиги ва инсон қадри йўлида янада фидокорона меҳнат қилишга ундаши қайд этилди.
ЎзА