Экспортёр корхоналарга амалий кўмак берилмоқда
Бугунги куннинг муҳим вазифаларидан бири – экспорт салоҳиятини ошириш, барча соҳаларда тадбиркорлар учун қулайлик яратиш орқали уларга амалий ёрдам беришдир.
Тошкент шаҳар божхона бошқармаси томонидан ҳам ушбу йўналишда тизимли ишлар амалга оширилиб, ишлаб чиқарилаётган товарларнинг чет элга экспорт қилинишида тадбиркорларга тезкор ва замонавий божхона хизматлари кўрсатиб келинмоқда. Бу борада тадбиркорлар билан мулоқотнинг самарали тизими жорий этилган бўлиб, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш мақсадида Тошкент шаҳридаги “Procab” қўшма корхона шаклидаги масъулияти чекланган жамиятига ташриф буюрилди.
2011 йилда ишга туширилган ушбу корхона мисдан кабель ва симлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган бўлиб, нафақат ички бозорга балки, ташқи бозорда Европанинг қатор давлатлари ва МДҲ давлатларига маҳсулотларини экспорт қилади.
Жорий йилнинг ўтган уч ойи давомида корхона томонидан 32,6 млн. долларлик товарлар хориж бозорларига йўналтирилган. Тадбиркорга яқиндан кўмакчи бўлиш, уларга сифатли божхона хизматини кўрсатиш, қолаверса, олиб кирилган маҳсулот ёки асбоб-ускуналарга божхона тўловларидан имтиёзлар бериш экспорт кўрсаткичи янада ошишида муҳим омил бўлади.
Корхона 2023 йилдан бошлаб кабель маҳсулотларини қайта ишлаб, хорижга йўналтирмоқда. Жумладан, 946,1 тн. кабель ишлаб чиқариш бўйича қиймати 1 млн. АҚШ долларига тенг бўлган қайта ишлаш шартномаси имзоланган бўлиб, шундан 34,2 тн.,қиймати 163,4 минг долларга тенг бўлган маҳсулотлар хорижий ҳамкорларга етказиб берилган.
Ташриф давомида пост ходимлари томонидан тадбиркорлик субъектларининг ташқи иқтисодий фаолият жараёнларини амалга оширишдаги муаммолари ўрганилди. Шунингдек, уларга божхона соҳасида янги қабул қилинган меъёрий ҳужжатлар талаблари етказилди.
Учрашувда пост ходимлари тадбиркорларга доимо кўмак беришга тайёрлигини билдирди.
Зеро, тадбиркорларга барча соҳаларда кўрсатиладиган амалий ёрдамлар натижасида маҳаллий ишлаб чиқариш, экспорт кўрсаткичлари тобора юқорилаб бораверади. Бу эса юртимиз иқтисодиётининг янада ривожланишига ва аҳоли фаровонлиги ошишига хизмат қилади.
Ш.Маматуропова,
ЎзА