Экспортчилар муаммолари ўрганилди
Тошкент вилоятида экспорт ҳажмини ошириш, ташқи бозорларда маҳаллий маҳсулотлар турини ва географиясини кенгайтириш, шунингдек, экспорт фаолиятида мавжуд муаммоларни бартараф этишга қаратилган ишлар изчил давом этмоқда.
Шу мақсадда вилоятнинг қатор туманларида экспортчи корхоналар фаолияти, уларнинг мавжуд салоҳияти, экспорт кўрсаткичларига таъсир қилаётган омиллар ҳамда янги бозорларга чиқиш имкониятлари ўрганилди.
Хусусан, Тошкент ва Қибрай туманларида экспорт фаолиятини тўхтатган ёки экспорт ҳажми камайган корхоналар раҳбарлари билан учрашувлар ўтказилиб, мавжуд муаммолар таҳлил қилинди. Тошкент туманида туман ҳокими Сардор Эргашев бошчилигида вилоят масъуллари, туман ҳокими ўринбосари ҳамда ишчи гуруҳ аъзолари иштирокида экспорт фаолияти билан боғлиқ ҳолат ўрганилди.

Ўрганишлар давомида тумандаги 4 та корхонада экспорт фаолияти тўхтагани, 6 та корхонада эса экспорт ҳажми камайгани аниқланди. Мазкур корхоналар раҳбарлари билан мулоқот жараёнида экспорт фаолиятини чеклаётган асосий омиллар муҳокама қилиниб, уларни бартараф этиш, ишлаб чиқариш ҳажмини тиклаш ва экспорт кўрсаткичларини ошириш бўйича зарур чора-тадбирлар белгилаб олинди.
Қибрай туманида эса туман ҳокими Музаффар Рашидов йирик экспортчи корхоналар раҳбарлари ва инвесторлар билан учрашди.

Мулоқотда корхоналарнинг экспорт фаолияти, ишлаб чиқариш қувватлари, мавжуд салоҳияти ва келгусидаги режалари муҳокама қилинди. Жумладан, жорий йил якунига қадар экспорт ҳажмини ошириш, янги хорижий бозорларни ўзлаштириш, экспорт географиясини кенгайтириш ҳамда тўғридан-тўғри хорижий сармояларни жалб этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.
Учрашувларда тадбиркорларнинг муаммо ва таклифлари бевосита тингланди. Маҳсулотларни ташқи бозорларга олиб чиқиш, ишлаб чиқариш қувватларини кенгайтириш, янги инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш ва хорижий ҳамкорлар билан алоқаларни мустаҳкамлаш бўйича аниқ вазифалар белгилаб олинди.

Таъкидланганидек, экспорт фаолиятини кенгайтиришда корхоналарнинг мавжуд имкониятларидан тўлиқ фойдаланиш, маҳсулотлар рақобатбардошлигини ошириш ва янги ташқи бозорларни ўзлаштириш муҳим аҳамият касб этади.
Шу боис масъулларга аниқланган муаммоларни қисқа муддатларда бартараф этиш, тадбиркорларга амалий кўмак кўрсатиш ва экспорт кўрсаткичларини оширишга қаратилган чора-тадбирларни изчил давом эттириш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
А.Мусаев, ЎзА