Экспорт-импорт соҳасидаги тўсиқларни олиб ташлаш чоралари кўрилмоқда
Давлатимиз раҳбарининг жорий йилда тадбиркорлар билан ўтказилиши режалаштирилган анъанавий учрашувига тайёргарлик доирасида Божхона қўмитаси раиси Акмалхўжа Мавлонов ташқи иқтисодий фаолият иштирокчилари билан очиқ ва самимий мулоқот ўтказди.
Мазкур учрашув ҳақида олдиндан оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали эълон берилгани сабабли дастлаб қабулга 70 нафарга яқин тадбиркор рўйхатдан ўтган бўлса, амалдаги мулоқот жараёнида 100 нафардан ортиқ бизнес вакиллари ўзларини ўйлантираётган долзарб масалалар билан иштирок этди.

Шунингдек, Қорақалпоғистон Республикаси ҳамда вилоятлардаги тадбиркорлар ҳудудий божхона бошқармаларининг студиялари орқали онлайн тарзда учрашувга уланиб, ўз мурожаат ва таклифларини билдириш имкониятига эга бўлди.

Эътиборли жиҳати шундаки, очиқ мулоқотда Техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги, Марказий банк, Солиқ қўмитаси ҳамда турли сертификатлаш органларининг раҳбар ва масъул ходимлари ҳам иштирок этди. Бу эса масалаларни комплекс ёндашув асосида кўриб чиқиш имконини берди.

Учрашув давомида тадбиркорлар томонидан божхона расмийлаштируви, экспорт-импорт жараёнлари, имтиёзлардан самарали фойдаланиш, логистика тизими ҳамда амалиётда учраётган бошқа қатор муаммоли масалалар юзасидан мурожаат, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Барча мурожаатлар эътибор билан тингланиб, ҳар бир масала чуқур таҳлил қилинган ҳолда муҳокама этилди. Айрим муаммолар жойида ҳал қилинган бўлса, қўшимча ўрганиш талаб этиладиган ҳолатлар бўйича масъул идораларга аниқ топшириқлар берилди.

Таъкидланганидек, ушбу очиқ мулоқот божхона органлари ва тадбиркорлик субъектлари ўртасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш, бизнес учун қулай муҳит яратиш ҳамда мавжуд муаммоларга тезкор ва самарали ечим топишга хизмат қилади.
Шаҳноза Маматуропова,
ЎзА