Экопартия томонидан аёллар форуми ўтказилди
Мамлакатимиз мустақиллигининг 35 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон Экологик партияси томонидан “Хотин-қизларнинг сиёсий ва ижтимоий фаоллигини оширишда замонавий ёндашувлар” мавзусида Республика хотин-қизлар форуми ўтказилди. Унда партия вакиллари, “Экология ва саломатлик” аёллар клуби вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Сенат, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси вакиллари, шунингдек, турли соҳаларда фаолият юритаётган мутахассис ва экспертлар иштирок этди.
Тадбирда хотин-қизларнинг жамият ҳаётидаги сиёсий ва ижтимоий фаоллигини янада ошириш, уларнинг етакчилик салоҳиятини ривожлантириш, замонавий билим ва кўникмаларини мустаҳкамлаш, сиёсий жараёнлардаги иштирокини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.
Форум давомида иш фаолиятида касбий этикага амал қилиш, хотин-қизлар учун яратилаётган имкониятлар ва қонунчиликда белгиланган имтиёзлар, аёлларнинг шахсий брендини ривожлантириш ва ижтимоий тармоқлардан самарали фойдаланиш, сунъий интеллект даврида аёл лидернинг замонавий сиёсий коммуникацияси ва таъсирчан нутқи, сиёсий партияларда хотин-қизлар фаоллигини ошириш ҳамда аёллар тадбиркорлигини ривожлантириш каби долзарб мавзуларда маърузалар қилинди.

Шунингдек, тадбирда Ўзбекистон Экологик партиясининг хотин-қизлар билан ишлаш борасидаги ишлари таҳлил қилинди. Таъкидланганидек, партиянинг 716,5 мингдан ортиқ аъзосидан 362 минг 513 нафари, яъни 50,6 фоизи хотин-қизлар ҳисобланади. Партия тизимида фаолият юритаётган 331 нафар ходимнинг 162 нафари аёллар, шундан 80 нафари раҳбар аёллардир. Шунингдек, партиядан вакиллик органларига сайланган жами 774 нафар депутатнинг 250 нафари хотин-қизлар бўлиб, улардан 6 нафари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати ҳисобланади.
Партия фаолиятида хотин-қизларнинг экологик маданиятини юксалтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш, соғлом ва экологик турмуш тарзини тарғиб қилиш ҳамда аёлларни атроф-муҳитни муҳофаза қилишга қаратилган ташаббусларга кенг жалб этиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда.
Ҳудудларда ҳам хотин-қизларни экологик ташаббусларга жалб этишга қаратилган янги лойиҳалар амалга оширилмоқда. Жумладан, Андижон вилоятида хотин-қизлар ўртасида экологик сўровнома ва веломарафон ташкил этилиб, 517 нафар иштирокчи қамраб олинди. “Табиат ва аёл – ҳаётни асровчи икки муқаддас қудрат” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар эса 130 нафар хотин-қизни бирлаштирди.
Наманган вилоятининг Поп туманида ўтказилган Аёллар экофорумида хотин-қизларнинг экологик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, ресурслардан оқилона фойдаланиш ва экологик муаммоларга амалий ечим топишда уларнинг фаоллигини оширишга эътибор қаратилди.
Шунингдек, “Табиатга эҳсон”, “Мен лидер аёлман”, “Соғлом аёл – Янги Ўзбекистон таянчи”, “Аёл ва экология” каби лойиҳалар орқали хотин-қизларни экологик ташаббусларга жалб этиш, оилаларда экологик тарбияни кучайтириш, ҳудудларни кўкаламзорлаштириш ва ободонлаштиришга қаратилган амалий ишлар олиб борилмоқда.

Форум давомида хотин-қизларнинг жамият ва давлат бошқарувидаги ролини янада мустаҳкамлаш, уларнинг сиёсий-ижтимоий ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, замонавий билим ва кўникмаларини ривожлантиришга қаратилган таклифлар илгари сурилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА