Экомарафон қатнашчилари Бухорода
Тошкент шаҳридан бошланиб, Самарқандда давом этган тадбирнинг қатнашчилари 18 октябрда Бухорога етиб келдилар.
25 октябрь куни Нукус шаҳрида ташкил этиладиган юқори даражадаги Орол конференцияси арафасида “Биз келажак учун жавобгармиз” шиори остида мамлакатимизнинг олти шаҳри бўйлаб “ARAL MARATHON” халқаро экологик марафон бўлиб ўтмоқда.
Тошкент шаҳридан бошланиб, Самарқандда давом этган тадбирнинг қатнашчилари 18 октябрда Бухорога етиб келдилар.
Экомарафон дастури доирасида шу куни Бухоро давлат тиббиёт институти ва Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтининг Бухоро филиали ҳамда бошқа ташкилотларда “Орол муаммосини биргаликда бартараф этайлик” мавзуида давра суҳбатлари ўтказилди. Унда Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши вакиллари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати Фахриддин Холбоев сўзга чиқди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қўллаб-қувватлаши натижасида Ўзбекистон Экологик партияси, қатор вазирликлар, Миллий гвардия, Миллий олимпия қўмитаси, Енгил атлетика федерацияси ҳамкорлигида амалга оширилаётган ушбу лойиҳа фаол ёшлар ижтимоий фаоллигини ошириш билан бир қаторда, улар ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилишда муҳим аҳамиятга эгалиги таъкидланди. Қайд этиш лозимки, экологик марафоннинг мақсадлар - жамоатчиликни атроф- муҳитни муҳофаза қилиш ишларига кенг жалб қилиш, аҳолининг экологик ва тиббий маданиятини юксалтириш, экологик барқарорликни таъминлашда давлат органлари ва жамоат бирлашмалари билан ҳамкорликни кучайтириш Ўзбекистон Экологик партиясининг асосий дастурий вазифалари билан уйғундир.
Мулоқотларда Орол денгизи сув сатҳининг кескин камайиб бориши оқибатида юзага келган экологик кулфат оқибатларини бартараф этиш, халқ фаровонлигини янада яхшилаш, жумладан, Мўйноқда мазкур йўналишда амалга оширилаётган инвестициявий лойиҳалар ҳақида ҳам кенг маълумотлар берилди.
Экомарафон иштирокчилари 19 октябрь куни Бухоро шаҳрининг тарихий ҳудудидаги “Пойи Калон” мажмуаси олдида жамландилар. Бу ерда улар дастлаб бадиий мусиқий дастурдан баҳраманд бўлди.
Шундан сўнг “Пойи Калон” мажмуасидан югуриш мусобақаси бошланди. Унда иштирок этган 2 мингдан зиёд ўқувчи ва талабалар, турли ёш ҳамда касбдаги кишилар Афросиёб, Ибн Сино ва Ислом Каримов кўчалари бўйлаб 5 километр масофани босиб ўтиб, шаҳар маданий маркази олдидаги “Кўҳна ва боқий Бухоро” монументи ёнига етиб келдилар. Унинг 15 нафар иштирокчиси диплом ва қимматбаҳо совғалари билан тақдирланди.
- Маълумки, сув ресурсларини тежаш, хусусан, бу борада замонавий технологияларни жорий этиш, яшил иқтисодиётни ривожлантириш, экологик барқарорликни таъминлашнинг энг самарали йўлидир, - дейди марафон иштирокчиси Ўзбекистон Экологик партияси вилоят кенгаши фаоли Жасурбек Шукуров. - Оби - ҳаётнинг қадри баланд. Шунинг учун ҳам марафон қатнашчилари идишдаги сувни қўлдан-қўлга узатган ҳолда олиб ўтишаётганида рамзий маъно бор. Демак, оби-ҳаётни асраш учун ҳар бир киши масъул.
Югуриш эстафетасини у кечган кўчалар бўйлаб минглаб кишилар кузатиб, олқишлаб туришди. Улар орасида хорижлик сайёҳлар ҳам бор эди.
-- Тадбирда ёшлар мен ва турмуш ўртоғимга уни экологик аҳамиятга эгалиги, Оролни асрашга қаратилган марафон эканлигини тушунтиришди, - дейди Германиядан ташриф буюрган Роззали Роберт.—Бу жуда ажойиб ташаббус. Бизда ҳам Орол денгизи билан боғлиқ муаммони билишади. Демак, бефарқ эмасмиз. Кишилар экологик маданияти ва онги қанчалик юқори бўлса, уларнинг табиат ва жамият олдидаги масъулияти ошади. Бугунги оммавий тадбир ана шунга хизмат қилади.
Экомарафон ташкилотчиларидан иборат қатнашчилар Хоразм шаҳри томон йўл олдилар.