Экологияга оид ҳуқуқбузарликлар учун молиявий санкциялар қўлланилади
Давлатимиз раҳбари жорий йил 4 майда “Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун жавобгарлик кучайтирилиши муносабати билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш тўғрисида”ги қонунни имзолади.
Қонун билан айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартиришлар киритилди. Унга кўра, экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва табиатдан фойдаланиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликларни содир этганлик учун молиявий санкциялар жорий этилди.
Унга кўра, дарёларнинг ўзанларини тозалаш ва қирғоқларини мустаҳкамлашга доир ишларни амалга ошириш тартибини бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан атроф-муҳитга етказилган зарарнинг 3 баравари миқдорида жарима тарзидаги молиявий санкция қўлланилади.
Сувларни ифлослантирганлик, шунингдек сув объектларига оқова сувларни оқизишга йўл қўйиш шартлари тўғрисидаги талабларни бузганлик учун юридик шахсларга нисбатан атроф-муҳитни ифлослантирганлик учун тўланиши лозим бўлган компенсация тўловининг 10 баравари миқдорида жарима тарзидаги молиявий санкция қўлланилади.
Юридик шахсларга тегишли бўлган ёки уларга бириктирилган ҳудуддаги дарахтларни муҳофаза қилиш ва сақлашга доир қонунчиликда белгиланган чораларни кўрмаганлик учун юридик шахсларга нисбатан атроф-муҳитга етказилган зарарнинг 5 баравари миқдорида жарима тарзидаги молиявий санкция қўлланилади.
Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан 3 ой ўтгач кучга киради.
Н.Абдураимова,
ЎзА