Экология соҳасида минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди
Тошкент давлат юридик университетида Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси, Ўзбекистон Экологик партияси фракцияси ҳамда Адлия вазирлиги ҳамкорлигида “Ўзбекистоннинг экология соҳасидаги халқаро ҳамкорлиги: муаммо ва ечимлар” мавзусида халқаро илмий-амалий конференция ўтказилди.
5 июнь — Бутунжаҳон атроф-муҳит куни санаси муносабати билан ташкил этилган тадбирда депутатлар, Адлия вазирлиги вакиллари, университет профессор-ўқитувчилари, Польша, Тожикистон, Қозоғистон, Туркия, Беларусь, Озарбайжон давлатларининг етакчи ҳуқуқшунос олимлари ва эколог мутахассислари иштирок этди.

Таъкидланганидек, бугунги кунда бутун дунёда, хусусан, Марказий Осиё минтақасида кузатилаётган глобал иқлим ўзгаришлари, сув ресурсларининг тақчиллиги ва биохилма-хилликни сақлаб қолиш масалалари халқаро ҳамкорликни, биргаликда чора-тадбирларни кўришни тақозо этади. Конференцияда айнан шу каби глобал экологик чақириқларга ҳуқуқий ечимлар излаш, соҳага оид миллий қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда тажриба алмашиш масалалари муҳокама қилинди.
— Мамлакатимизда экологик хавфсизликни таъминлаш, табиатни муҳофаза қилиш соҳасида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда, — деди Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш масалалари қўмитаси раиси Х.Ғаффоров. — “2030 йилгача бўлган даврда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш концепциясини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори экология соҳасидаги саъй-ҳаракатларни янги босқичга олиб чиқди. Шунингдек, “Иссиқхона газларининг чиқарилишини чеклаш тўғрисида”ги, “Экологик аудит тўғрисида”ги, “Экологик экспертиза, атроф-муҳитга таъсирни баҳолаш ва стратегик экологик баҳолаш тўғрисида”ги янги қонунлар қабул қилиниб, соҳанинг ҳуқуқий асослари мустаҳкамланди.

Конференцияда Ўзбекистоннинг экология соҳасидаги тажрибалари, экологик қонунчиликни кодефикациялаш, иқлим ўзгаришлари салбий оқибатларининг олдини олиш, Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишида минтақавий ҳамкорлик омиллари ҳамда қаттиқ маиший чиқиндиларни бошқаришдаги ҳуқуқий механизмлар каби масалалар муҳокама этилди.
Муҳтарама Комилова,
ЎзА