Экологик ислоҳотлар тоза келажак сари (+видео)
Шарҳ
Бугун дунёнинг экологик манзараси жиддий равишда мураккаблашиб бормоқда. Иқлим ўзгариши, яшилликнинг камайиши ва чўлланиш муаммолари ҳар бир мамлакатдан бу соҳада зарур чораларни кўришни талаб этмоқда.
Шу боис, Ўзбекистонда ҳам экология масалалари давлат сиёсати даражасига кўтарилиб, давлат раҳбари бошчилигида соҳада муҳим чора-тадбирлар изчиллик билан амалга оширилмоқда. “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси кенг жамоатчиликнинг табиат билан уйғунликдаги амалий ҳаракатига айланди.
Бу борада Президентимизнинг “Атмосфера ҳавоси сифатини яхшилашга қаратилган «Тоза ҳаво» умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони ва унда белгиланган вазифалар алоҳида аҳамиятга эга.
Ўзбекистон Экологик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзоси Наврўзбек Юсупов мазкур фармонда белгиланган мақсад-вазифалар, дендрология боғларини ташкил этишнинг аҳамияти, умуман, экологик сиёсат доирасида олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар ҳақида ўз фикр-мулоҳазаларини билдирди.
— Президентимиз фармонида мамлакатимизнинг яшиллик даражасини ошириш масаласига алоҳида эътибор қаратилган. Маълумки, 2016 йилда юртимиздаги яшиллик даражаси 8 фоизга тушиб қолган эди. Эндиликда 2030 йилгача яшиллик даражасини 30 фоизга етказиш мақсади белгилаб олинди. Шу мақсадда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси изчиллик билан амалга оширилмоқда. Бунинг натижасида ҳозирда мамлакатимизнинг яшиллик ҳудуди 14,2 фоизга кўтарилди. Бу албатта, ижобий натижа.
Энди эса бу кўрсаткични 30 фоизга етказиш учун муҳим вазифалар олдимизда турибди. Президент фармонида белгиланган вазифалар айни шу мақсадга эришишга қаратилган. Хусусан, фармонда атмосферага чиқариб ташланаётган ифлослантирувчи моддалар миқдорини 10,5 фоизга камайтириш, ялпи ички маҳсулот бирлигида иссиқхона газлари эмиссиясини 2010 йилги кўрсаткичларга нисбатан қисқартириш, атроф-муҳитга таъсир кўрсатувчи I ва II тоифадаги саноат корхоналарида чанг ва газни тозалаш қурилмаларини ўрнатиш ҳамда модернизация қилиш, транспорт воситаларидан атмосфера ҳавосига чиқарилаётган ифлослантирувчи моддалар ҳажмини 10 фоизга қисқартириш каби мақсадлар кўзда тутилган. Бунда ҳар бир ҳудуд кесимида аниқ кўрсаткичлар белгилаб берилди.
Шунингдек, 2028 йилгача ҳар бир ҳудудда 100 гектардан кам бўлмаган ботаника ва дендрология боғларини ташкил этиш вазифаси белгилаб берилди. Бу борада шу йил 1 апрель куни Президентимизнинг шахсан ўзлари “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида кўчат экиш тадбирида иштирок этиб, Миллий дендрология боғини барпо этишга старт бергани эътиборга молик.
Шуни таъкидлаш лозимки, мамлакатимизни кўкаламзорлаштириш борасидаги саъй-ҳаракатлар, жумладан ҳар бир ҳудудда дендрология боғларини ташкил этишдан тортиб уларга кўчатлар етказиб бериш, уларни парваришлаш, турли касалликларга чалинишининг олдини олиш, соғлом ўстириш каби вазифаларга масъул бўладиган ташкилотлар ва бунинг молиявий манбалари аниқ кўрсатиб берилди.
Яна бир жиҳат— ботаника ва дендрология боғларини ташкил этишда ташаббус кўрсатган фуқароларга имкониятлар бериш, ўз сармояси ёки амалий ҳаракатлари билан ташаббускор бўлган фуқароларнинг номларини шу боғларнинг кириш қисмида алоҳида эътироф этиб қўйиш вазифаси ўз аксини топди. Дунё тажрибасида фаол қўлланилиб келинаётган бу тажриба юртимизда ҳам жорий этилиши фуқароларни жамиятда фаол бўлишга, экологияни асраб-авайлашда саъй-ҳаракатларни бирлаштириш ва ташаббускор бўлишга ундайди.
<iframe width="640" height="420" src="https://www.youtube.com/embed/QhxJedzMi3Q" title="Ekologik islohotlar toza kelajak sari" frameborder="0" allow="accelerometer; autoplay; clipboard-write; encrypted-media; gyroscope; picture-in-picture; web-share" referrerpolicy="strict-origin-when-cross-origin" allowfullscreen></iframe>Муҳтарама Комилова,
Ойбек Давронов, Улуғбек Тўхтаев (видео), ЎзА мухбирлари