Экологик акция ёшларни бирлаштирди
Ўзбекистон Экологик партияси Тошкент шаҳар Кенгаши ҳамда Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университети ҳамкорлигида “Кичик қадам — катта ўзгариш сари!” шиори остида экологик акция ташкил этилди.
Унда халқ депутатлари Тошкент шаҳар ва туман Кенгаши депутатлари, Экопартия вакиллари, партиянинг “Ёшлар қаноти” етакчилари, профессор-ўқитувчилар ва талаба-ёшлар иштирок этди.

Тадбир давомида атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, чиқиндиларни камайтириш ҳамда аҳоли, айниқса, ёшларнинг экологик маданиятини ошириш масалаларига эътибор қаратилди. Чиқиндиларни бошқариш, уларни саралаш ва қайта ишлаш тизими ҳақида тушунчалар берилди. Бугун экологик муаммоларнинг кўлами ортиб бораётган бир вақтда табиатга эҳтиёткорона муносабатда бўлиш лозимлигига урғу қаратилди.

Акциянинг амалий қисми сифатида университет ҳудудида "Чиқиндисиз кун" плоггинг акцияси ва “Соғлом ҳаёт учун 5000 қадам” шиори остида юриш марафони ташкил этилди.

Ушбу марафон соғлом турмуш тарзини тарғиб қилиш билан бирга, экологик тоза муҳитни асраш ғояларини ўзида мужассам этди. Шу билан бирга, ёшларни экологик фаолликка, соғлом турмуш тарзини танлашга чорлагани билан аҳамиятли бўлди.
М.Комилова,
ЎзА